Жорий йилда Россия ўз олий таълим муассасаларида бепул ўқишни истаган ўзбекистонлик талабалар учун квота ҳажмини сезиларли даражада оширган. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Михаил Вождаев маълум қилган.
“Ўтган йили ўзбекистонлик бўлажак талабалар учун квота 228 ўринни ташкил этганди, жорий йилда у қарийб икки баравар ошиб, 405 ўринга етди”, деган Вождаев.
Мулозимга кўра, Россия ОТМга киришни истаганларни рўйхатга олиш 29 январь ёки 1 февралдан бошланиб, 1 мартда ниҳоясига етказилади.
Аризалар электрон шаклда топширилади, топшириш зарур бўлган ҳужжатларга оид маълумот эса Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси сайтида жойлаштирилган.
Агар эпидемиологик вазият тўсқинлик қилмаса, ўзбекистонлик ёшлардан имтиҳон юзма-юз олиниши мумкин. Абитуриентлар тарих, химия, биология, физика ва математикадан ёзма тест топширадилар. Танлаган йўналишидан қатъи назар, улар рус тили бўйича тест топширишлари ҳам мажбурий бўлади.
Танлов апрель ойи ўрталарида поёнига етади, шундан сўнг ташкилотчилар Россия ОТМларида бепул ўқиш ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонликлар рўйхатини эълон қиладилар.