Ўттиздан ортиқ давлат Россиянинг олимпиадада иштирок этиши тақиқланишини қўллади

Россиялик спортчи Камила Валиева Пекин олимпиадасида тренерлари билан.

Ўттиздан ортиқ давлат Россия ва Беларусь спортичларининг олимпиада ва халқаро мусобақаларда иштирок этишига қўйилган тақиқни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Reuters Британия ҳукуматига таянган ҳолда хабар берди.

АҚШ, Франция ва Британия каби қатор давлатлар бу борада имзолаган қўшма баёнотда бундай қарор қабул қилинишига Россиянинг Украинага агрессияси сабаб бўлгани айтилади.

Баёнотда Россия ва Беларусь спортчилари Украинадаги уруш тўхтагачгина халқаро спорт ҳамжамиятига қайтиши мумкинлиги таъкидланади.

Февраль ойи бошларида Россия спортчиларини олимпиада ўйинларидаги иштирокини тақиқлаш тўғрисида Украина президенти Владимир Зеленский таклиф киритган эди. Литва, Латвия, Эстония, Польша ҳам ҳудди шундай таклифни илгари сурган.

Январь охирида Халқаро олимпия қўмитаси урушга қарши очиқ позициясини билдирган рус ва беларусь спортчиларига бетараф байроқ остида халқаро мусобақаларда иштирок этишга рухсат беришни таклиф қилди. Аммо бу таклиф халқаро ҳамжамият томонидан маъқулланмади.