Россия ортидан Қозоғистонда ҳам “мигрант ови” кузатилмоқда

Иллюстратив сурат

Россиядаги “мигрант ови” ортидан Қозоғистонда ҳам Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мигрантларни текшириш, қўлга олиш ва депортация қилишлар кучайган.

Озодликнинг тожик хизмати Қозоғистонда ишлаётган тожикистонлик мигрантлардан маҳаллий полиция марказий осиёликлар ўртасида текширувлар ўтказаётгани ҳақида хабарлар келаётганини қайд этган.

“Ҳатто вақтинча яшаш рухсатномасига эга бўлганларни ҳам қўлга олиб, депортация қилиш ҳолатлари бўлди”, деган Озодлик суҳбатдошларидан бири.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 7 май куни Қозоғистонга йўл олган фуқароларни ёнида рухсатномалар бўлиши зарурлиги ҳақида огоҳлантирган. ТИВ буни Қозоғистон халқаро аэропортларида кучайтирилган хавфсизлик чоралари жорий этилгани билан изоҳлаган.

Аввалроқ Қозоғистон полицияси Улитау вилоятида ишлаган 16 нафар мигрант депортация қилингани ҳақида маълумот тарқатган эди. Улардан тўққиз нафари тожикистонлик, етти нафари эса ўзбекистонлик бўлган.

“Бу хорижликлар Сатпаев шаҳрида тегишли рухсатнома ва ҳужжатларсиз ишлагани аниқланган. Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш мақсадида бу хорижлик фуқароларнинг ҳаммаси мамлакат ҳудудида мажбурий тарзда чиқариб юборилган”, дейилган полиция хабарномасида.

Апрель ойида Тожикистон ТИВ мамлакат фуқароларига Россияга сафар қилишдан тийилишни тавсия қилган эди. Гарчи вазирлик баёнотида бу ҳақда очиқ айтилмаган бўлса ҳам, бир қатор ҳуқуқбонлар мазкур тавсияга тожикистонлик фуқароларнинг сиқувга олинаётгани сабаб бўлган, дея тахмин қилмоқдалар.

Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида содир этилган терактлар ортидан Россияда мигрантлар ксенофобиянинг янги тўлқини билан тўқнаш келишган. Мазкур иш бўйича ҳибсга олинганларнинг кўпчилигини Тожикистон фуқаролари ташкил этади.