Москва вилоятида бухоролик Феруза Ўткировадан васийлик идораси томонидан тортиб олинган 6 яшар фарзанд онасига қайтариб берилди. Полиция ва ҳомийлик идораларининг “ўзбекистонлик она ўз фарзандини калтаклагани” ва “темир қафасда сақлагани” борасидаги айбловлари ўз исботини топмади. Феруза ва Рухшона шу куниёқ Россияни тарк этиб, Ўзбекистонга жўнаб кетди.
28 декабрь куни Москва вилоятининг Клин шаҳрида ўзбек муҳожири фарзандининг онасидан тортиб олингани билан боғлиқ воқеа ижобий тарзда ўз ниҳоясига етди: икки ой давомида “Согласие” болалар реабилитацияси марказида сақланган 6 яшар қиз Рухшона онаси, 40 ёшли бухоролик Феруза Ўткировага қайтариб берилди.
Озодлик билан WhatsApp тармоғи орқали хабарлашган Феруза Ўткирова, олдинроқ ваъда берганидек, болани олганидан кейин “Россияда бир кун ҳам қолмаслигини” тасдиқлади. Шу куниёқ она-бола Россия тарк этди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
6 яшар Рухшонани Клин шаҳар васийлик идоралари ва полициячиларидан қайтариб олишда кўплаб жамоатчилик фаоллари, журналистлар ва Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик ходимлари иштирок этди.
Шу йилнинг 3 ноябрида Москва вилоятининг Клин шаҳрида ўзбекистонлик муҳожир аёл, 4 фарзанднинг онаси Феруза Ўткированинг ташқарига бир ўзи ўйнагани чиқиб кетган 6 яшар қизини полиция ходимлари олиб кетгани хабар тўғрисида берилган эди.
Вояга етмаганлар масалалари бўйича комиссиянинг 22 ноябрда бўлиб ўтган йиғилишида полициячилар “бола танасида кўкарган излар борлиги” ва “акаси қизчани темир катакда сақлагани” аниқлангани важи билан уни онасига қайтариб бериш номувофиқ эканини билдирган.
Рухшонанинг болалар марказига олиб кетилганидан 20 кун ўтиб, Клин полицияси ва ҳомийлик-васийлик идоралари “боланинг жароҳатлари масаласида тиббий экспертиза” тайинлади.
Бироқ, Ферузанинг айтишича, болани қайтариб беришда на полиция ва на “Согласие” маркази томонидан бирор ҳужжат ё расмий қоғоз тақдим этилган.
Феруза Ўткирова ишини яқиндан кузатиб келган журналист, Би-Би-Си Ўзбек хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳайитбоева 22 ноябрда тайинланган экспертиза ўтказилганига жиддий шубҳа борлигини Озодликка гапирди.
- 3 ноябрда бола олиб кетилганидан буён, ҳеч кимга ҳеч қандай ҳужжат кўрсатилгани йўқ. Протокол, экспертизаси – йўқ! Феруза фақат бола учун югуриб, қатнади. Бола ушлангани тўғрисида протокол ҳам кўрсатишмади. Комиссияда ҳам адвокат қўлига ҳеч нарса берилмади. Қизча 55 кун ушлаб турилган бўлса, нима сабабдан ушлаб турилгани айтилгани йўқ. Мен бунда иккита сабаб кўрдим. Биринчиси, қизча уйдан олиб кетилган, кўчада ушланмаган. Қизча буни онасига кейинроқ айтган “Мен кўчага чиқмаган эдим, уйдан олиб кетилганман!”, деган. Ўша куни боланинг курткаси турган жавоннинг устидаги пул ҳам йўқолган. “Анови иккита аёл пулни олдику, шунга мени уришасиз деб, айтмаган эдим”, деган. Полиция ўша олиб кетилган 10 минг рублдан хавотирда бўлиб, болани анча сақлаб турган. Иккинчидан, “Согласие” марказига бу мигрантнинг боласи ҳисобот учун битта қоғоз кўпайтириб берди, холос, деди Соҳиба Ҳайитбоева.
Мухбирнинг фикрича, бундай вазиятнинг юзага келишида ўзбекистонлик муҳожирларнинг ўзлари ҳам айбдор.
Соҳиба болали меҳнат муҳожирларига Россиядаги айрим давлат идоралари “тузоғига” илинмаслик учун ҳужжат масаласига катта эътибор қаратишни тавсия қилди:
- Илтимос қиламан мигрантлардан – ҳужжатлари жойида бўлсин! Ўзларини ўйламаса ҳам, ҳеч бўлмаганда боласини ўйлаб, ҳужжатини жойида қилсин. Биздаги ҳамма муаммо шу ҳужжатсизликдан келиб чиқаяпти. Бирортаси биздан ёрдам сўраганда ва биз борганда, юристларимизнинг тили қисилаётгани – уларнинг ҳужжатлари жойида эмаслиги! Россияга кириб келдими, шу ерда бола туғдими – роддомдан меттрика олсин, қийин эмас. Кўпчилик бу ерда ЗАГСи бўлмагани учун метрика олмайди. Ахир, онани номига олиш мумкин. Билинг – метрикасиз ва қайтиш сертификатисиз болангизни барибир Россиядан олиб кета олмайсиз, деди журналист Соҳиба Ҳайитбоева.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди