Россия пойтахти Москвада бўлиб ўтган рейдлар чоғида Россия фуқаролигини олган ўнлаб мигрантга ҳуқуқ-тартиботчилар томонидан ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози топширилган. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри хабар қилди.
Россия Тергов қўмитасининг ҳарбий тергов бўлими ва ИИВ ходимлари иштирокидаги рейдлар, нашр қайдича, Москванинг шарқий қисмидаги хостеллар ва сабзавот базасида ҳамда “Шчелковская” метроси яқинидаги автовокзалда ўтказилган.
Аввалроқ Москва вилоятининг Серпухов ва Чехов шаҳарларида ҳарбий терговчилар ҳарбий қайддан ўтмаган ўн нафар собиқ мигрантни топган рейдлар бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилинган.
Жорий йилнинг 31 июль куни Давлат думаси бирваракайига уч ўқишда Россия паспортини олганларни мажбурий равишда ҳарбий қайддан ўтказишга оид қонунни қабул қилган эди. Агар паспорт олган шахс бу талабни бажармаса, у фуқароликдан маҳрум этилади.
Украинага қарши урушда иштирок этишни истамаган мигрантларни фуқароликдан маҳрум қилиш таклифини ўтган йил кузида Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин таклиф қилган. Шундан сўнг мамлакатда мигрантларга қарши рейдлар кўпайган. Ҳуқуқ-тартиботчилар Россия фуқаролигини олган мигрантларни тутиб, уларни ҳарбий қайддан ўтказа бошлашган. Декабрь ойида ҳарбий қайддан ўтишдан бўйин товлаган хорижликлар Россия фуқаролигидан маҳрум этила бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Ўшанда гап Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мигрантлар ҳақида кетган эди.