Россия Давлат думаси биринчи ўқишда полицияга хорижлик фуқароларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ҳозирда маъмурий бадарға қилишга оид қарорни фақат суд ёки чегара хизматигина қабул қилиши мумкин. Чегара хизмати ҳам хорижлик шахс Россияга кириш чоғида ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирдагина уни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга, холос.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси бадарға қилиш қарори чиққан хорижликлар ёки Россияда юриш рухсатномаси бекор қилинган, аммо ҳали мамлакат ҳудудида бўлган чет элликлар учун мамлакат чиқариб юбориш тартибини киритишни таклиф қилмоқда. Мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарилганидан бошлаб Россиядан чиқиб кетгунларича уларга кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олиш тақиқланади. Улар машина ҳайдолмайдилар, банкдан кредит ололмайдилар, РФ ҳудуди бўйлаб бемалол ҳаракатланолмайдилар, никоҳ қуролмайдилар, банкларда янги ҳисобрақамлар очолмайдилар ва мавжуд ҳисобрақамларидаги пуллардан ойига 30 минг рублдан ортиқ маблағ сарфлай олмайдилар.
Бундай мигрантларга нисбатан махсус назорат жорий этилади, улар махсус реестрга киритилиб, ўзларининг қаерда экани ҳақида мунтазам равишда полицияни хабардор қилиб туришга, жумладан ҳуқуқ-тартибот идораларига геолокациясини белгилаган ҳолда фотосурат йўллашга мажбур бўлади.
“Крокус Сити Холл”даги терактдан сўнг (бу ҳужумда терговчилар Марказий Осиёдан бўлган бир неча муҳожирни айбламоқда) россиялик расмийлар миграцион тартиб-қоидаларни кескин кучайтириб юборишган. Зарур ҳужжатларга эга бўлмаган хорижликлар оммавий равишда Россиядан депортация қилинган, келаётганлар эса мамлакатга киритилмаган. Ўнлаб минтақа расмийлари мигрантларнинг йўловчи ташиш, такси ва бошқа соҳаларда ишлаш ҳуқуқини чеклаб қўйган.
Ўша пайтда Марказий Осиёдаги бир неча мамлакат расмий идоралари ўз фуқароларига Россияга заруратсиз сафар қилишдан тийилишни тавсия қилишган эди.