Россия президенти Владимир Путин Озарбайжонга сафар қилди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев россиялик ҳамкасби Владимир Путинни кутиб олмоқда, Боку, 2024 йил 18 августи

России президенти Владимир Путин икки кунлик давлат ташрифи билан Озарбайжонга борди, дея хабар қилди 18 август оқшомида Кремль матбуот хизмати.

Боку Халқаро жиноят суди таъсис этган Рим статути иштирокчиси бўлиб ҳисобланмайди, бу эса Путиннинг ҳибсга олинишдан чўчимасдан Озарбайжонга бориши мумкинлигини англатади. 2023 йилнинг март ойида Халқаро жиноят суди украиналик болаларнинг Россияга ноқонуний кўчирилиши айблови билан Путинни ҳибсга олишга ордер берган эди. Бу ҳолат ХЖС томонидан ҳарбий жиноят ўлароқ баҳоланган. Москва мазкур айбловларни рад этиб келади.

Қайд этилишича, Владимир Путин озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев билан музокаралар чоғида икки давлат ўртасидаги “стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик”ни янада ривожлантириш масалаларини ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилади.

Москванинг яқин ҳамкори ҳисобланмиш Озарбайжон айни пайтда ғарб мамлакатларига энергия ташувчиларни етказиб бераётган йирик таъминотчилардан биридир.

Бокуга сафар чоғида Путин Тоғли Қорабоғ туфайли Озарбайжон билан Арманистон ўртасида кузатилган кўп йиллик можаро билан боғлиқ тинчлик музокаралари юзасидан изоҳ бериши кутилмоқда.

Россиянинг анъанавий ҳамкорлари ва иттифоқчилари сирасига кирган Арманистон сўнгги пайтларда Ғарб билан алоқаларни яхшилашга уриниб келмоқда. Бу ҳолат Ереваннинг Москва билан алоқалари совишига олиб келган. Ереван Кремлни Озарбайжон билан тўқнашувлар чоғида Арманистонни дастакламаганликда айбламоқда.

2023 йил кузида Озарбайжон шиддатли ҳужум натижасида Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назоратни қайтариб олишга муваффақ бўлган. Кейинроқ 30 йил муқаддам этник арманлар томонидан мустақил деб эълон қилинмиш тан олинмаган республика расман тугатилди. Ўшандан буён Боку ва Ереван ўртасида тинчлик шартномаси тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда.