Пул жўнатмалари билан шуғулланувчи Oson ва PayWay тўлов хизматлари 5 сентябрдан хорижга пул ўтказиш ва пул олиш хизматини вақтинча тўхтатганини маълум қилди. Мазкур сервислар, жумладан, Россиядан ва Россияга пул ўтказмаларини ҳам тўхтатган.
Oson мазкур хизмат тез кунларда тикланишини билдирган, аммо хорижга пул ўтказмалари тўхтатилишининг сабабларини тушунтирмаган.
PayWay эса хизмат кўрсатишни тўхтатиш тўғрисида Марказий банк буйруқ берганини маълум қилди.
«Ўзбекистон Республикаси Марказий банки мазкур йўналишларни вақтинча ўчириб қўйиш бўйича топшириқ берди. Иловамизда мамлакат ичидаги тўловлар, Uzcard ва Humo ўртасида пул ўтказмалари, шунингдек, коммунал, давлат ва алоқа ва интернет хизматлари учун тўловлар ўз фаолиятини давом эттиради», — дейилади PayWay билдирувида.
31 август куни Марказий банк Brio Group (Oson бренди)ни жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни бузгани учун жаримага тортган эди.
Ўшанда ширкат бош директори Фарход Маҳмудов Марказий банк қарорини англашилмовчилик сифатида қабул қилганини билдирган. Фарход Маҳмудовга кўра, Марказий банк Brio Groupни жаримага тортиш билан бир қаторда, 50 дан ортиқ молия ташкилотига 5 сентябрдан давлатлараро трансчегаравий транзит операциялар тақиқлангани тўғрисида огоҳлантириш юборган.
Аммо Марказий банк бу борада расман маълумот бермаган ва Маҳмудовнинг бу гапларига муносабат билдирмаган.
Oson тўлов тизими 2 миллион фойдаланувчига хизмат кўрсатишини билдирган. «Газета.uz»нинг ёзишича, ширкат иловасидан Ўзбекистонга пул ўтказиш учун Россиядаги кўплаб меҳнат мигрантлари фойдаланади.