Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни “Келажак ўйинлари” мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Қозон шаҳрида бўлади.
Ўзбек президенти матбуот хизматининг билдиришича, мусобақанинг очилиш маросимига Шавкат Мирзиёевни Владимир Путин таклиф қилган.
Ташриф дастурида икки давлат раҳбарларининг учрашуви кўзда тутилган. Унда 2023 йил 5-7 октябрь кунлари Россияга расмий ташриф якунида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ҳамда кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Россияда илк бор ташкил этилаётган “Келажак ўйинлари" 21 февраль – 3 март кунлари бўлиб ўтади. Тадбирда 107 та мамлакатдан 227 та жамоа, жумладан, Ўзбекистон спортчилари иштирок этади.
Таҳлилчилар фикрича, Украина босқинидан сўнг халқаро санкциялар ва босим остида қолган Россия бу ўйинни Париж олимпиадасига муқобил тарзда ўтказмоқда. Бу ўйинларда МДҲ ва БРИКСга аъзо давлатлар, Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Африка мамлакатларидан келган спортчилар иштирок этади.
Путин мусобақанинг очилиш маросимига МДҲ давлатлари раҳбарларини таклиф қилган.