Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 февралда Қозонда бошланган “Келажак ўйинлари”нинг очилиш маросимидан сўнг Россия президенти Владимир Путин билан учрашди ва унинг 15−17 март кунлари бўлиб ўтадиган президентлик сайловида ғалаба қилишига ишончи комил эканини билдирди.
“Россия халқи аллақачон абсолют овоз бериб бўлган. Ўзбекистонда эса сизнинг мутлақ ғалабангизга ишонишади. Келишиб олганимиздек, илк ташрифингиз Ўзбекистонга бўлади”,- деб айтган президент.
Мирзиёевнинг бу гаплари қайд этилган видеони Кремль назорати остидаги ТАСС ўз телеграм каналида эълон қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув чоғида “давлат раҳбарлари транспорт йўлакларини биргаликда ривожлантириш, темир йўл транспорти соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак халқаро тадбирлар режаси кўриб чиқилди”.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, “Келажак ўйинлари” биринчи халқаро мультиспорт мусобақасининг тантанали очилиш маросимида Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.
Россияда илк бор ташкил этилаётган “Келажак ўйинлари" 21 февраль – 3 март кунлари бўлиб ўтади. Тадбирда 107 та мамлакатдан 227 та жамоа, жумладан, Ўзбекистон спортчилари иштирок этади.
Таҳлилчилар фикрича, Украина босқинидан сўнг халқаро санкциялар ва босим остида қолган Россия бу ўйинни Париж олимпиадасига муқобил тарзда ўтказмоқда. Бу ўйинларда МДҲ ва БРИКСга аъзо давлатлар, Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Африка мамлакатларидан келган спортчилар иштирок этади.