“Ягона йўл–бўйин товлаш”. Ҳарбий сафарбарликдан қочаётган россияликларга эксперт маслаҳати

Ҳарбий сафарбарлик. Иллюстратив сурат.

Украинадаги урушга кимлар сафарбар қилиниши, кимлар чақириқ муддатини кечиктириш (“отсрочка” олиш) ҳуқуқига эгалиги ва умуман бу тадбирлар қандай ташкил қилиниши ҳозирда Россияда кўпчиликни қизиқтиради.

Қонунда қисман ва ялпи сафарбарлик деган нарсалар бор, аммо унинг миқдори ёки фоизи кўрсатилмаган. Яъни, мулозимлар ҳатто қисман сафарбарликни ҳам истаганча талқин қилишлари, қанча керак бўлса шунча одамни чақиришлари мумкин.

Россияда сафарбарлик тўлиқ ёки қисман бўлади. Федерал қонунда шундай дейилган. Иккисининг ўзаро фарқи, масалан, у бутун Россияда ёки алоҳида ҳудудда эълон қилинишидир. Путин ҳаммани эмас, балки “ҳозирда захирада турганлар, аввало – қуролли кучлар сафида хизматни ўтаган, ҳарбий ихтисослик ва зарур тажрибага эга фуқаролар”гина чақирилади, дея ваъда бермоқда.

Бироқ Путиннинг ўзи имзо чеккан фармонда бунақа чекловлар мавжуд эмас. Юристлар фикрича, бунақа “формулировка” фақатт захирадаги ҳарбийлару алоҳида мутахассисларнигина чақиришга мўлжалланмаган.

“Президент бу борада ихтиёрни мудофаа вазирида қолдиряпти. Амалда кимни, қаердан ва қанча миқдорда урушга жўнатиш кераклигини айнан мудофаа вазири ҳал қилади. Механизм қуйидагича бўлади: Мудофаа вазирлиги Россиянинг ҳар бир ҳудуди учун сафарбарлик квоталарини шакллантиради. Уларнинг бажарилиши учун губернаторлар жавобгар бўлади”, дея изоҳ беради “Агора” ҳуқуқбонлик гуруҳи раҳбари Павел Чиков.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Путин урушга сафарбарлик эълон қилди

Унинг фикрича, биринчи галда – ҳарбий хизматни ўтаган ва захирада қолиш учун шартнома имзолаганлар чақирилади. Сўнгра захирадаги эркакларга навбат етади. Яъни, хизматни ўтаб бўлганлар ёки ОТМлар ҳарбий кафедраларини битирганларга. Оддий аскарлар то 50 ёшга тўлгунича, кичик офицерлар эса 60 ёшга қадар урушга чақирилиши мумкин.

“Мантиқан қараганда, даставвал биринчи оқим – ёшлар чақирилишини тахмин қилиш мумкин. Лекин аслида ҳаммаси чалкаш. Шойгу беш минг кишини талафот бердик деб тургани ҳолда бунақа қилишаётгани жуда ғалати. Беш мингтагина одам ўлган бўлса, нега 300 минг кишига сафарбарлик эълон қиляпсизлар?” дейди юрист Алексей Прянишников.

Ростдан ҳам, мудофаа вазири Сергей Шойгу захирадаги салкам беш миллион кишилик “сафарбарлик ресурси”дан 300 мингги чақирилишини айтган. Бироқ президент муайян рақам келтирилмаган, буни шунчаки яширишяпти: ҳужжат бандларидан бири баён қилинмаган, ўрнида “хизмат доирасида фойдаланиш учун” деган қайд турибди.

Чақириқдан аниқ қутулиб қоладиганлар – бу депутат ва сенаторлар. Бошқа мулозимларни ҳам озод қилишлари турган гап. Сергей Шойгу талабаларга тегмасликка ваъда беряпти, лекин юристлар бунга кафолат йўқ, дейишмоқда.

“Захирадаги барчани чақиришлари мумкин. Керак бўлса аёлларни ҳам – ҳарбий гувоҳномаси, ҳарбий ихтисослиги бор аёлларни, масалан, тиббиёт ходимлари ва алоқачиларни. Сафарбарлик тўғрисидаги қонунда чақирув кунини кечиктиришга рухсат этиш шартлари рўйхати бор, аммо бу рўйхат оддий чақирув тартибига оид рўйхатга нисбатан анча қисқа. Ва унда таълим олаётгани муносабати билан фуқарони ҳарбий хизматга чақиришни кечиктириш назарда тутилмаган”, тушунтиради “Гражданин. Армия. Право” ҳаракати раҳбари Сергей Кривенко.

Президент фармонига кўра, “отсрочка”ни ҳарбий-саноат корхоналари ходимларига берилиши, аммо фақат ишлаб турган даврига олишлари мумкин. Хизмат қилишга рози бўлиб аввалроқ шартнома имзолаганлар эса сафарбарлик тугамасдан уни бекор қилдира олмайдилар, муддати тугаган шартномалар узайтирилади. Яъни, шартнома бўйича хизмат қилаётган ҳарбийлар энди фақат ёши етганида, соғлиғи ёмонлашганида ёки озодликдан маҳрум қилинганида армиядан бўшатилади.

“Настояшчее время” телеканали урушга боришни истамайдиганлар учун маслаҳат сўраб экспертларга мурожаат қилди. Мана уларнинг жавоблари:

Сергей Кривенко: Ким армияга боришни ва ўзга мамлакат фуқароларини ўлдиришни хоҳламаса, сафарбарликдан бўйин товлаши керак, бу ҳозирда ягона чора. Ёки ҳарбий хизматни фуқаровий хизматга алмаштиришни сўраб ариза берсин – Конституция бунга ҳуқуқ беради. Ҳар бир киши ўзи ҳал қилсин.

Халқаро Мемориал жамияти аъзоси Сергей Кривенко.

Алексей Прянишников: Соғлиғи важидан ҳарбий хизматга вақтинча яроқсиз деб топилганлар олти ойгача “отсрочка” олишлари мумкин. Хуллас, урушга боришни истамайдиганлар ана шу мезонга тушадиган касалликлар рўйхати билан танишсинлар ва уларни ўзларида “излаб кўрсинлар”.

Сергей Кривенко: Илгари оддий чақирувдан бўйин товлаган фуқаролар одатда жаримага тортилган бўлса, эндиликда икки йилгача муддатга “кесилиши” мумкин, чунки сафарбарликдан бўйин товлаш Жиноят кодексига оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритилиб, жазо кучайтирилди. Шунга қарамай, урушда ҳалок бўлгандан ёки қўлни қонга ботиргандан кўра, икки йил қамоқда ўтирган тузук, деб биламан.

Бунинг расмиятчилик томонлари ҳам бор: яъни жиноят иши очилиши, ҳарбик комиссариат муайян фуқарога қарши ҳужжатларни йиғиши ва унинг бўйин товлаётганини исботлаши лозим. Шунинг учун ҳам биз муқобил хизматни ўташ ҳақида ариза беришни ва урушга қарши маслаги важидан ҳарбий хизматдан бош тортишни тавсия этамиз. Бу фуқаронинг хизматдан бўйин товламаётганини, балки муқобил хизмат сўраётганини кафолатлайди. Ва бу ҳолатда кишини жиноий жавобгарликка тортишлари эҳтимоли жуда кам.

Алексей Прянишников: Нима бўлганда ҳам комиссариат аввало фуқарони у сафарбарликка жалб этилгани ҳақида огоҳлантириши шарт. Ва бу хабарнома аниқ шаклда бўлади ва чақирилаётган шахс уни олганини тасдиқлаб имзо қўяди. Аммо яна такрорлайман: военкомат қўлига тушсангиз – қонунийми ёки ноқонуний – бу бўйича фақат кейин арз қила оласиз ёки уларга қарши даъво қўзғатасиз, аммо қўлга тушгандан сўнг қутулиш қийин. Мана шу жиҳатга эҳтиёт бўлиш керак.