Россия Қирғизистонга МДҲда қидирилаётган 85 минг кишига оид маълумотларни тақдим этди

Иллюстратив сурат

Қирғизистонда жорий йилнинг 2 июнидан МДҲ мамлакатларида қидирувда бўлган шахслар юзини таниш тизими ишга туширилди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур тизим учун қидирувда бўлган 85 мингдан зиёд шахс бўйича маълумотни тақдим этган, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати Ички ишлар вазирлиги маълумотига таянган ҳолда.

Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, ўтган 10 кун ичида юз таниш функциясига эга бўлган кузатув камералари ёрдамида қидирувда бўлган 57 киши аниқланиб, милицияга олиб келинган. Булардан орасида Россия ва Ўзбекистон фуқаролари бўлган тўрт киши қўлга олинган. Қўлга олинганлар ичида қотилликка қасдланганлик, экстремистик йўналишдаги жиноятлар, безорилик ва ҳужжатларни сохталаштириш кабилар учун қидираётганлар бор.

ИИВ ҳибсга олинган ўзбекистонлик ва россияликлар исмини очиқлаган эмас, бироқ шу онда Қирғизистонда қўлга олинган камида уч нафар россиялик фаолнинг исми маълум.

Хусусан, 6 июнь куни ҳарбий комиссариатга ўт қўйганликда айблаётган фаол Алексей Рожков экстрадиция қилингани маълум бўлган. 9 июнь куни эса Бишкекда “Сўл блок” ҳаракати фаоли Лев Скорякин қўлга олинган.

12 июнь куни Россияда экстремистик ҳамжамият фаолиятида иштирок этганликда айбланган фаол Алёна Крилова ҳибсга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Айни пайтда Скорякин ҳам, Крилова ҳам, адвокатларининг сўзларига кўра, Қирғизистонда қочқин мақомини олиш учун илтимоснома топширганлар.