Россия ишғолчи кучлари 11 октябрь тонгидан яна Украина шаҳарларига ракета улоқтира бошлаган. Хусусан, Каспий денгизи устидан Ту-95 ва Ту-160 учоқлари воситасида Х-101 ва Х-555 русумли 10 та ракета отилган. Украина армияси Ҳаво кучлари маълумотига кўра, бу ракеталардан тўрттаси уриб туширилган.
Украина расмийлари қайдича, сешанба куни эрталабдан Киев вилояти, Запорожье шаҳри, Днепропетровск, Николаев, Хмельницкий, Винницк ва Одесса вилоятлари ракета ва дрон ҳужумларига нишон бўлган. Запорожье вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Старухга кўра, бугун тонгда Запорожье шаҳрига россияликлар томонидан отилган 12 та ракета келиб тушган.
Киевлик мулозимлар ватандошларини пана жойларда қолишга чақирмоқдалар. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган.
Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизматидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, Россия томонидан амалга оширилган кечаги ракета ҳужумлари натижасида қурбон бўлганлар сони 19 нафарга, яраланганлар сони эса 105 нафарга етган.