Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Шахсий маъумлотларни алмашиш соҳасида маъмурий масалалар бўйича ўзароқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга оид битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳужжат 2020 йилнинг 18 декабрида уч мамлакат – Қирғизистон, Қозоғистон ва Россия ўртасида имзоланган. Қозоғистон билан Россия мазкур битимни аввалроқ имзолашган ва унинг кучга кириши учун Қирғизистондаги ички қонунчилик процедураларини тартибга солиш қолган эди, холос.
Қирғизистон парламенти қонунни 25 май куни маъқуллаган ва орадан 30 кун ўтгач – ҳужжат президент Жапаров томонидан имзоланганидан кейин у кучга кирган ҳисобланади.
Мазкур битим кўзда тутилишича, учала мамлакат келишув доирасида кишида ҳужжатни имзолаган давлатлар фуқаролиги, рўйхатга олинган кўчмас мулки бор-йўқлиги ҳамда текширилаётган субъектнинг мажбуриятлари/қарзлари бор-йўқлиги ёки жиноий/маъмурий судланганлиги каби маълумотларни алмашишади.
Аввалроқ Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Қирғизистон ИИВга қидирувдаги 85 мингдан зиёд шахс бўйича маълумот тақдим этгани ўртага чиққанди. Шу йилнинг 2 июнидан 10 июнигача Қирғизистондаги ҳуқуқ-тартиботчилар мазкур маълумотлар асосида МДҲ мамлакатларида давлатлараро қидирувда бўлган 57 кишини юз таниш функцияси бўлган видеокузатув камералари ёрдамида аниқлаганлар.
Июнь ойи бошида Бишкекда Қирғизистонга аввалроқ келган россиялик уч нафар фаол қўлга олингани ҳам маълум бўлган. Шу тариқа, Екатеринбург яқинидаги ҳарбий комиссариатга ўт қўйганликда айбланган Алексей Рожков Қирғизистондан Россияга депортация қилинганди. 9 июнь куни Россиядаги “Сўл блок” жамоатчилик ҳаракати фаол Лев Скорякин ушлангани ҳақида маълумот тарқатган. 12 июнь куни эса Бишкекдаги Биринчи май туман судининг 6 июндаги қарори билан Россиядаги “Инсон ҳуқуқлари учун” ҳаракатининг собиқ матбуот котиби Алёна Крилова 1-сонли тергов ҳибсхонасига олиб кириб қўйилгани ҳақида хабар пайдо бўлган.
Маълумотларга кўра, Скорякин ва Крилова Қирғизистондан бошпана сўрашган ва бунга оид илтимосномалар Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция вазирлигига топширилган.