Оренбург вилоятининг Россия ва Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” чегара-назорат пунктида яна 200 зиёд ўзбекистонлик Қозоғистон орқали ўтиб кетишга йўл очилишини кутмоқда.
21 май куни Озодликка боғланган ўзбек муҳожирлари формасиз шахслар палаткаларнинг маҳаллий маъмурият қарори билан кечгача бузиб ташланиши боис¸ улардан ортга қайтиб кетишни талаб қилаётганини билдирди.
18 май куни 600 нафар, 19 майда эса яна 500 ўзбек муҳожирининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга ўтиши учун махсус транзит йўлаги очилган эди.
Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консули бу йўлакнинг бир марталик экани ва муҳожирларнинг карантин тугаб¸ чегаралар қайта очилгунга қадар Қозоғистон ҳудуди орқали бошқа ўтказилмаслигини билдирган эди.
"Чегарада қолганларга ҳам транзит очилишини сўраймиз!"
Россия-Қозоғистон чегарасидаги лагерда транзит йўли очилишини кутаётган 200 нафарга яқин ўзбек муҳожири Қозоғистон орқали ўтишга рухсат берилмаса¸ ортга қайтишга мажбурланиши мумкин.
21 май куни Озодликка лагердагилар юборган видеода номаълум шахс ўзбек муҳожирларига ўзбек тилида кун охиригача бу чодирларнинг бузиб ташланиши¸ "йўлнинг 1-2 ой яна очилмаслиги" боис¸ Россиянинг ўзлари келган ҳудудларига қайтишдан бошқа чораси йўқлигини айтади.
Бу хабарни жўнатган муҳожирлар палаткаларнинг Оренбург области Первомайский райони маъмурияти қарори билан 21 май куни кечга яқин бузиш тараддуди бошланганини таъкидлади.
20 дан зиёд палаткада кун кечираётган ўзбекистонликлар 20 май куни Озодликка юборган видеомурожаатида Тошкент ҳукуматидан ватанга қайтиш учун Қозоғистон орқали транзит йўлини очиб беришни сўради:
- Бир ҳафта бўлди ўтирганимизга. Бизлар нима қилайлик? Қолганлар кетди, бизлар охиргиси. 200 тага яқин одам қолган. Бола-чақамиз бор Ўзбекистонда, ёрдам беринглар. Москвадан касал юқмасин деб қочиб келганмиз! Бизга нон-сув, палатка - ҳеч нарса керак эмас. Уйга етволсак бўлди.
“Маштаково” вақтинчалик лагерида қолаётган ўзбек муҳожирларидан бирининг Озодликка айтишича¸ Ўзбекистонга қайтиш учун транзит йўлаги очилишини кутаëтганлар орасида аëллар ҳам бор.
- Микроавтобусларда юртдошларимизни олиб кетишди. Биз сиғмадик. “Илиниб, осилиб кетишгаям тайёрмиз!”, десак ҳам қўймади. Ҳозир палаткаларда яна 200 яқин одам қолди. Улардан 10 таси аёллар. Қандайдир формасиз бир рус одам келиб, “Москвага қайтиб кет!”, деди. “Менда пулим йўқ, 2 ойдан бери ишсиз ётибман. Қайтиб кетгани бошқа вариант йўқ. Москвада касаллик авжида”, десам, “Палаткаларни йиғиштириб ташлашимиз мумкин. Текин овқат берилмайди - пулларингга сотиб оласанлар”, деган гапларни гапирди. Шу ердаги 200 яқин одам рўйхатга олинган эди - қолганларни қайтаришворяпти.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
У бир неча кундан бери вақтинчалик чодирлар жойлашган ҳудудга совуқ тушгани боис муҳожирлар аҳволи янада танглашганини билдирди.
- Кечаси совуқ бўляпти - қават-қават кийимларни кийиб ётибмиз. Марказий йўл бўйидаги палаткаларда ётибмиз. Орамизда таксичилар йўқ - улар кетиб бўлди. Москвага қайтолмаймиз - кўчада қолиб кетамиз. Бу ерда 16-19 май орасида келганлар ўтирибди. Касалларимиз бор. Мана ёнимдаги йигитнинг тиши оғриб, юзи шишиб кетибди.
Суҳбатдош¸ бу лагерда қолаëтганлар тақдирининг нима бўлиши ҳақида Ўзбекистон мутасадди идораларининг расмий тушунтириш бермаëтгани вазиятни янада чигаллаштираëтганини қўшимча қилди.
Вақтинчалик лагерда яшовчилар яқин атрофдаги шаҳарлардаги муҳожирлар кунига бир маҳал егулик етказиб олиб келаëтганини ҳам билдирди.
Ўзбекистон Бош консули:"Бошқа фуқароларни ўтказолмаймиз!"
Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консули Фариддин Насриев 17 май куни маҳаллий матбуотга Қозоғистон чегарасида тўпланганларга Ўзбекистонга ўтиш учун истисно тариқасида бир марта рухсат берилганини билдирган эди.
- Фуқароларга қайтадан мурожаат қилмоқчиман. Чегара ёпиқ ва ҳозир фуқароларимизни фақат бир марта истисно тариқасида олиб ўтяпмиз. Бундай натижага эришиш биз учун осон бўлмади. Фуқароларимизни Ўзбекистонга олиб ўтиш учун ҳукуматимиз Қозоғистон, Россия билан музокаралар олиб борди. Бу – эртага яна кимдир келса, ўтказиб юборамиз, дегани эмас.
Қайтмоқчи бўлган бошқа фуқаролар чегара яқинига келишса, уларни ўтказолмаймиз. Улар доимий ёки вақтинчалик яшаш жойларига қайтиб туришларини сўраймиз. Ташкил қилинган чартер рейслар учун рўйхатдан ўтиб, навбати келганда Ўзбекистонга кириб келишлари мумкин, деди ўзбек консули.
Айни суҳбатда ўзбекистонликларнинг фақат махсус автобусларда колонна қилиб олиб ўтилиши, шахсий автомобилларда ўтишга рухсат йўқлигини ҳам айтган. Насриев Россия, хусусан Татаристонда хорижлик ишчилар учун янги иш ўринлари очилгани боис¸ ўзбек муҳожирларини Россияда қолишга даъват қилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилишида ҳукумат саъй-ҳаракати билан “хориждан 39 минг одам қайтарилгани, яна 12 минги олиб келинишини таъкидлади.