Россия Мудофаа вазирлиги Жанубий ҳарбий округ қўшинлари Қримни тарк этганини билдирди

Қримдаги ҳарбий машғулотларда "Ураган" ва "Град" ракета тизимлари иштирок этган.

Россия Мудофаа вазирлиги Жанубий ҳарбий округ қўшинларининг айрим қисмлари жанговар машқлар якунлангани ортидан Қримни тарк этганини билдирди.

"Интерфакс"нинг Россия Мудофаа вазирлигига таяниб хабар беришича, Қримдан жанговар машғулотларда қатнашган ҳарбий техника, артиллерия ускуналари ва аскарлар темир йўл орқали олиб чиқиб кетилмоқда.

Conflict Intelligence Team (CIT) суриштирув гуруҳи эса 13 февраль куни эълон қилган ҳисоботида Қримга Россия қўшимча кучлар киритаётгани тўғрисида маълум қилган.

Гуруҳнинг билдиришича, айни пайтда Россия Қримга қўшимча десант ташлаш учун Қора денгизда 11 та ҳарбий кемани сақлаб турибди.

Россия Мудофаа вазирлиги 15 февраль куни 130 минг ҳарбийсини Украина билан чегарадош ҳудудлардан “ҳарбий машғулотлар якунлангани муносабати билан” олиб чиқиб кетаётганини билдирган эди.

Ўша куни НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия Украина билан чегарадош ҳудудлардан ҳарбийларини олиб чиқиб кетаётгани кузатилмагани тўғрисида баёнот берди.