Россия Истанбулдаги ўзи ишлаган меҳмонхонада иш берувчисини ўлдирганликда гумонланган ўзбекистонлик Ҳасанжон Аминовни Туркия ҳуқуқ-тартибот идораларига топширган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги Россия ИИВ расмийси Ирина Волк сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Мулозимага кўра, Интерпол йўналиши бўйича қидирувда бўлган ўзбекистонлик 15 март куни Москвадаги Внуково аэропортида турк расмийларига топширилган.
Ирина Волк қайдича, Туркиянинг салоҳиятли идоралари Ҳасанжон Аминов 2019 йил июлида Истанбулдаги меҳмонхонада ишлаб юрган чоғида шериги билан бирга меҳмонхона хўжайинини ўлдириб, Туркия ҳудудидан чиқиб кетгани ҳақида маълумот тақдим этишган.
“Айбланувчини қидирув бўйича чора-тадбирлар ўтказиш чоғида 2023 йил июлида у Россия ҳудудида - Қозон шаҳрида полициячилар томонидан қўлга олинган”, дея қўшимча қилган Россия ИИВ вакиласи.
Волкка кўра, ўтган йил декабрида Россия Бош прокуратураси Туркия томонининг қидирувдаги шахсни топширишга оид сўрови қондирилишини билдирган.