Россия Федерал статистика хизмати (Росстат) 11 июнь куни 2022 йилнинг биринчи чораги бўйича камбағаллик даражасига доир маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, Россия аҳолисининг 14,3 фоизи ёки 20,9 миллион киши камбағаллашган. Сўнгги “тинч” чорак – 2021 йилнинг октябрь-ноябри билан таққослаганда, камбағаллар сони 8,5 миллион кишига ошган.
Статистика идораси буни икки сабаб билан изоҳламоқда. Биринчидан, тўртинчи чорак аввалдан россияликлар учун “баракали” давр саналади. Бонуслар, йил якуни бўйича мукофотлар, “ўн учинчи ойлик” – булар бари статистикага ижобий таъсир этади. Лекин барибир атиги уч ойда мамлакат аҳолисининг салкам 6 фоизини камбағал қилиб қўядиган даражада эмас. Иккинчи омил – даромадлар ўсишидан ортиқ кўрсаткич қайд этган инфляция қайтага, кўпроқ ишончли. Қисқа вақт давом этган постпандемия тикланиш давридан сўнг аҳолининг реал даромадлари яна камаймоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Энг қизиғи, ҳукумат бунга қарши ҳеч нарса қила олмаяпти. Бандлик даражасини ошириш жуда қийин. Росстат маълумотига кўра, май ойига келиб ишсизлик СССР парчаланганидан бери энг юқори нуқтага етган. Пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва бюджетдан тўланадиган иш ҳақларини ошириш ҳам унчалик самара бермайди. Кам таъминланганларни қўшимча индексация ва бир марталик моддий ёрдамлар ҳисобига камбағалликдан чиқаришга уриниш ҳамиша инфляция бадтар зўрайиши ва барчанинг даромади камайиши билан якун топади.
Натижада камбағаллар янада кўпаяди. Урушдан олдин давлатнинг “сахийлиги” туфайли вужудга келган қўшимча талабни ҳеч бўлмаганда импортни ошириш орқали қондириш мумкин эди. Бироқ халқаро санкциялар ва кўпсонли Ғарб ширкатларининг Россияни ихтиёрий тарк этиши бу механизмни синдирди. Энди ҳукумат қанча пул тарқатмасин, бу ички бозорда товар ва хизматларни кўпайтира олмайди.
Россия банки 10 июндаги баёнотида мамлакат ташқи савдоси камайишда давом этаётганини қайд этди. Эътиборлиси, импорт камайиши суръати экспорт қисқариши суръатига нисбатан юқори. Бу, жумладан, чет эл бутловчи қисмлари ва материалларига қаттиқ тобе бўлиб қолган корхоналар фаолиятини тиклашга жиддий тўсиқ бўлади. Қолаверса, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун асбоб-анжомлар зарурки, уларни келтириш санкциялар шароитида жуда қийин бўлиб қолди.
Иқтисодиётнинг тўлов қобилиятига яраша талабни қондиришига нафақат халқаро санкциялар, балки урушнинг ўзи ҳам таъсир этмоқда. Янги корхоналар ташкил этиш, мавжудларини кенгайтириш учун инвестиция ва асбоб-ускуналар билан бирга малакали ишчи кучи ҳам керак. Бироқ асосан шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбийлар кучи билан олиб борилаётган уруш шароитида истеъмол секторига мансуб корхоналарнинг ишчи кучи топиши осон эмас.
Бу борада улар энг аввало ҳарбий-саноат комплекси билан рақобатлашишига тўғри келади. Танклар, тўплар, ракета ва снарядлар ишлаб чиқариш ҳозирда маълум сабабларга кўра биринчи ўринда, ҳукумат ҳарбий заводлардан пул аямаслиги табиий. Меҳнат бозоридаги қолган бўш ишчи кучини эса армия тортиб олмоқда.
Украинада Россия аскарларидан қанча кўп ўлса ва ярадор бўлса, янги рекрутларга талаб шунча ортади. Саноат ишлаб чиқариши ва ЯИМ камайиши манзарасида ишсизлик қисқариши бандлик структураси ўзгарганини англатади холос. Яъни, бу фаровонлик ошишига хизмат қилувчи одамлар сони камайиб, “вайронкор иқтисодиёт”да банд одамлар сони жадал ортмоқда, деганидир.
Аммо иқтисодий статистика нуқтаи назаридан ракета билан болалар таглиги ишлаб чиқариш ўртасида жиддий фарқ йўқ. Боз устига, Путин бошлаган уруш қанчалик вайронкор ва қонли бўлса, Росстат йил якунида эълон қиладиган рақамлар шунча “семиз” бўлади.
Росстат ЯИМни ҳисобларкан, Россия танклари “ичган” ҳар бир тонна соляркани, украин шаҳарларида портлаган ҳар битта ракета ва бомбани, аскарларга ёки бегона юртда ҳалок бўлишгани учун уларнинг қариндошларига тўланган ҳар бир рублни қоғозга туширади. Украин қишлоқ ва шаҳарлари қанча кўп вайрон бўлса, оккупация маъмуриятлари уларни тиклашга Россия бюджетидан шунча кўп маблағ сарфлайди. Бу ҳам ЯИМга қўшилади, аммо бироқ на россияликлар, на украинлар турмуш даражасини зиғирча ҳам кўтармайди.
Мавзуга алоқадор "Алвидо, авто!" Ғарб брендларига ўрганган россияликлар энди нимада юради?
Россия банкининг 10 июндаги баёнотида Россия иқтисодиёти аввалги прогноз қилинганидан кўра камроқ қисқариши урғуланган. Ва бу баҳо мутлақо тўғри бўлиши мумкин, чунки “тинч” соҳалардаги пасайиш ҳарбий харажатлар ва Россия армияси босиб олган ҳудудларнинг тикланиши билан “қопланади”. Айниқса, оккупация қилинган ҳудудларга йўналтирилган маблағлар Россия иқтисодий статистикасида яна бир неча йил акс этиб, Россия Федерациясининг 2014 йилгача мавжуд чегараларида истиқомат қилган фуқароларнинг турмуш сифатини пасайтиришда давом этади.
Россия иқтисодиётини структуравий қайта қуриш бошланди, деб ҳозирданоқ айтиш мумкин. Аммо бу жараён уруш ибтидосида Россия банки раиси Эльвира Набиуллина таърифлагандек кечмаяпти. Мамлакат импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ўрнига ҳарбий моделни танладики, унда ЯИМ аҳолининг умумий турмуш даражаси пасайиши ҳисобига ўсади.