Бишкекда ўтган парламент мажлисида депутат Гуля Қожоқулова Россиядаги Avito.ru эълонлар сайтида Қирғизистон паспорти бемалол сотилаётгани ҳақида билдирган.
Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, депутат Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасини бу борада чора кўришга чақирган.
“Бу бемаънилик. Бу Қирғизистон фуқаролиги сотилаётганини англатади. Бизнинг махсус хизматларимиз қаёқда? Рақамли ривожланиш вазирлиги нима билан шуғулланяпти? Паспортларимиз сотилаётгани туфайли тез-тез можаро чиқиб турарди. Энди бу тижоратга ҳам айланибди”, деган Қожоқулова.
Аввалроқ Avito.ru сайтида бир неча эълон жойлаштирилган бўлиб, уларнинг муаллифлари харидорларга Қирғизистон фуқаролигини ваъда қилишган. Улар ўз хизматлари учун 120 минг рублдан 800 минг рублгача (тақрибан 1,5 минг доллардан 10 минг долларгача) ҳақ сўрашган.
“Юз фоизлик кафолат” берган эълон муаллифлари Қирғизистон паспортини олиш учун Россия фуқаролигидан воз кечиш ва давлат тили мақомига эга бўлган қирғиз тилини билиш шарт эмаслигини урғулашган. Қирғизистон паспортини олишга рағбатлантириш учун улар бу паспорт билан хорижий ўлкалардаги банкларда ҳисобрақам очиш ҳамда Европа ва АҚШга виза олиш мумкинлигини урғулашган. Уларнинг фуқаролик олиш бўйича хизматни қанақа механизм асосида кўрсатиши очиқланган эмас.
Россия қўшинлари Украинага бостириб киргани сабабли ғарб давлатлари томонидан санкциялар жорий этилгани ортидан россияликлар ўртасида Қирғизистондан паспорт олишга талаб кучайиб кетган. Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг фуқароликка қабул қилишга оид фармонида Россиядан бўлган ўнлаб таниқли мулозим ва тадбиркорларнинг номлари бор. Расмий Бишкек фуқаролик олган россияликларнинг ҳаммаси паспортни қонуний асосда олганини қайд этган.