Россия, Шимолий Корея, Хитой, Мьянма, Эрон ва Венесуэла АҚШ фуқаролари ноқонуний қўлга олиниши хавфи юқори бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилди. Мазкур рўйхат АҚШ Давлат департаменти томонидан президент Жо Байденнинг бу каби қўлга олишлар олдини олиш ва уларга нисбатан жавоб чоралари кўриш тўғрисидаги фармонини бажариш доирасида тайёрланган.
Оқ уй сайтида маълум қилинишича, фармон президент Байден томонидан 19 июль куни имзоланган. Ҳужжат давлат идораларига ноқонуний қўлга олишларга қарши санкциялар ва бошқа чоралар қўллаш имконини беради.
АҚШ хорижда ҳибсда сақланаётган америкалик фуқаролар сонига оид расмий маълумотларни тақдим этаётгани йўқ. Бироқ бундай статистика Сурияда ўғирлаб кетиб, ўлдирилган америкалик журналист Жеймс Фоули номидаги жамғарма томонидан юритиб келинади. Ҳуқуқбонлар ҳисоб-китобига кўра, АҚШнинг 60 дан зиёд фуқароси 18 та давлатда ноқонуний тутиб турилибди, улар орасида Россия, Беларусь ва Куба каби мамлакатлар бор.