Россия “Спутник V” бўйича хорижий буюртмаларнинг бор-йўғи 8 фоизинигина бажарди

Россия коронавирус инфекциясига қарши “Спутник V” вакцинаси бўйича чет давлатлардан олинган буюртмаларнинг атиги 8 фоизинигина етказиб берган. Харидорлар режадаги ҳажмнинг жуда кам қисмини олишмоқда. Хорижга вакцина етказиб бериш ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолар сабаб оқсаётир. Бу ҳақда Forbes журнали ҳамда The Bell нашри ёзган.

Forbes журналига кўра, Россия бошқа давлатлар билан 205 миллиондан зиёд доза “Спутник V” вакцинаси етказиб беришга шартнома тузган бўлиб, бу тахминан 100 миллион кишини эмлашга етади. Бироқ шу ҳажмдан бор-йўғи 16 миллион 300 минг дозаси экспорт қилинган. Етказиб берилган ҳажмнинг ҳам катта қисми уч харидор — Аргентина, Мексика ва Венгрия ҳиссасига тўғри келади. Қолганлар эса жуда кам миқдорда олишмоқда.

Венесуэла буюртма қилган вакциналарнинг атиги 2 фоизини, Гондурас — 1 фоиздан камроғини, Шри-Ланка эса ярим фоиздан камроғини олган. Расмий Каракас 2020 йил декабридаёқ 10 миллион кишини эмлаш учун “Спутник V” вакцинасини етказиб бериш бўйича Россия билан шартнома тузганди. Мадуро маъмурияти 2021 йилнинг биринчи чораги охирларига қадар буюртмани охиригача олишга умид қилган, бироқ амалда Венесуэлага атиги 430 минг доза етказиб берилган, холос (бу 215 минг кишини эмлашга етади).

Гондурас режадаги 4,2 миллион дозадан атиги 40 мингтасини, Шри-Ланка — 13 миллиондан 15 мингтасини, Ўзбекистон эса 1 миллион дозадан бор-йўғи 100 мингтасини олган, деб ёзган Forbes. Аввалроқ хорижий матбуот Россия вакцина ишлаб чиқаришда муаммоларга келиши мумкинлиги ҳақида хабар қилганди.

Вакцина ишлаб чиқарувчилардан бири The Bell нашрига фармацевтика корхоналари препаратнинг сифат барқарорлигига эриша олмаслигини ва уларнинг бирхиллигини кафолатлай олмаслигини маълум қилган. Нашрнинг яна бир манбаси ана шу сабабларга кўра заводлар ялпи ишлаб чиқаришда муаммоларга тўқнаш келишини айтган.

Би-би-си хабарига кўра, “Спутник V” гувоҳномасида Россияда уни олти ширкат ишлаб чиқариши қайд этилган, уларнинг умумий қувватини экспертлар ойига 40 милион дозага тенг, дея баҳолашмоқда. Бироқ бундай суръат амалда кўринаётгани йўқ: март ойи охирларида саноат ва савдо вазири Денис Мантуров Россия 2021 йилнинг биринчи чорагида 80 миллион доза вакцина ишлаб чиқаришни режалаганини маълум қилган.

Россия вакцинасига рақобатчи бўлмиш Pfizer ва AstraZeneca препаратлари ойига юз миллионлаб дозада ишлаб чиқарилади, дея хабар берган Reuters. Таҳлилчиларга кўра, хориждан катта буюртмалар олгани туфайли Россия ўз аҳолисини ёппасига эмлашда жиддий қийинчиликларга дуч келади ва эмловни 2020 йилнинг биринчи ярмидагина, яъни “Спутник V”ни ундан сотиб олаётган аксари чет давлатлардан кўра кечроқ якунлайди.