Россия суди Google ширкатига 98 миллион доллар жарима солди

Путин ижтимоий медиа платформаларини Интернет қонунларини бузишда айблаб келади.

24 декабрь куни Москва суди Alphabet компаниясига қарашли Google ширкати Россия ноқонуний деб топган контентни ўчиришдан қайта-қайта бош тортгани учун 7,2 миллиард рубль (98 миллион доллар) жарима солганини маълум қилди.

Россия президенти Владимир Путин ижтимоий медиа платформалари ва бошқа технология ширкатларини мамлакатнинг Интернет қонунларини бузишда айблаб келади. Путин ҳукумати хорижий ширкатларни Россия ҳудудида ваколатхона очишга ва россияликларнинг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудида сақлашга мажбурлашга уринмоқда.

Танқидчиларнинг сўзларига кўра, Россия ҳукуматининг бу уринишлари Интернет устидан назоратни кучайтириш ҳамда норозилик кайфиятини бостиришга қаратилган.

Бугунга қадар Россияда ижтимоий тармоқ ширкатлари турли айбловлар билан юзлаб миллион рубль жаримага тортилди.

«Интерфакс» ахборот агентлигининг хабар беришича, жарима қиймати Google компаниясининг йиллик даромадидан келиб чиқиб белгиланган.

Google суд ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қандай чора кўриш ҳақида бир қарорга келишини билдирди.