Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонда “Спутник V” вакцинаси тезкорлик билан рўйхатга олинганини билдирди. Бу иддао Лавров тилидан 2 март куни ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжумани чоғида янграган.
“Шу кунларда Ўзбекистонда аҳолини ёппасига эмлаш жараёни бошланади… Ўзбекистонда “Спутник V” вакцинасини ишлаб чиқариш масаласи кўриб чиқилмоқда, вакцина у ерда тезкорлик билан рўйхатга олинган. Биз бу йўналишдаги ҳамкорлигимизни жуда қадрлаймиз”, дея иқтибос келтирган Сергей Лавров сўзларидан РИА Новости.
Россия ташқи ишлар вазири ўз сўзида шу кунда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги делегацияси Москвада юрганини қўшимча қилган.
Ўзбекистонда Республика махсус комиссияси қарори билан Россиянинг “Спутник V” вакцинасини рўйхатга олиш ва ишлаб чиқаришни бошлашга рухсат берилгани 17 февраль куни очиқланган эди. Аммо Озодлик 2 март ҳолатига бу вакцина Ўзбекистонда рўйхатдан ўтгани ҳақида бирор расмий маълумот топа олмади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот котиби Назокат Азим аввалроқ Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда март ойининг ўрталаридан бошлаб аҳолининг биринчи навбатда эмланадиган қатламини Хитой вакцинаси билан оммавий эмлашни бошлаш кутилаётгани ҳақида маълум қилган эди.