Россия Федерацияси Тергов қўмитаси 23 январь куни мамлакатнинг ўнлаб шаҳрида мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш намойишлари ўтказилгани муносабати билан санитария қоидалари бузилиши (РФ Жиноят кодекси 236-моддаси) тўғрисида иш қўзғатган. Бу ҳақида Коррупцияга қарши кураш фонди (КҚКФ) юридик бўлими бошлиғи Вячеслав Гимади маълум қилди.
КҚКФ директори Иван Ждановга кўра, бу иш юзасидан фонд ходимларини сўроқ қилиш (ҳозирча гувоҳ сифатида) аллақачон бошланган. Жумладан, терговчилар Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш, Навальнийнинг Москвадаги штаби координатори Олег Степанов ҳамда фонднинг суриштирувлар бўлими бошлиғи ўринбосари Георгий Албуровларни излаб келганлар ва ушбу ходимлар айни пайтда махсус ҳибсхонада сақланмоқда.
Жиноят кодексининг санитария-эпидемиология нормалари бузилиши тўғрисидаги моддасида икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган. Мазкур қоидабузарлик эҳтиётсизлик туфайли одам ўлдиришга олиб келган тақдирда, айбдор етти йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Алексей Навальнийнинг тарафдорлари 23 январь куни мухолифатчини дастаклаб, умумроссия норозилик акциясини ўтказишган. Эслатиб ўтамиз, “Новичок” гази билан заҳарланган сиёсатчи Берлинда даволаниб қайтганидан кейин (2021 йил 17 январи) Москва аэропортидаёқ ҳибсга олинган бўлиб, ҳозирда тергов изоляторида сақланмоқда.
Оммавий ахборот воситалари ҳисоб-китобига кўра, Москвадаги намойишларда 40 минг нафаргача одам иштирок этган, “Белий счетчик” акция қатнашчилари сонини 20 минг нафаргача (ИИВ баёнотида — 4 минг) деб кўрсатган. "МБХ медиа" Россия бўйича норозилик чиқишларида 110 минг киши иштирок этгани, жами қўлга олинганлар сони эса 3,4 минг кишидан ортиқ эканини таъкидлаяпти.
Намойишлардан бир неча кун аввал Москва маъмурияти коронавирус эпидемияси муносабати билан оммавий тадбирлар тақиқланганини боис митинг ўтказиш тўғрисидаги аризаларга рад жавоби берилишини очиқлаган эди.
Намойишлар арафасида Тергов қўмитаси ахборот-коммуникация тармоқларидан фойдаланган ҳолда вояга етмаганларни уларнинг ҳаётига хавф туғдирувчи ноқонуний хатти-ҳаракатларга жалб этганликка оид (ЖК 125.2-моддаси 2-қисми "а" ва "в" бандлари) жиноят иши очганди.
Тергов қўмитасининг Москва бошқармаси ЖКнинг 318-моддаси (“Ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик ҳаракатларини содир этиш”), 167-моддаси (“Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш”) ҳамда 213-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят ишлари қўзғатган. Шунингдек, ЖКнинг 267-моддаси (“Транспорт воситалари ёки қатнов йўлларини яроқсиз ҳолга келтириш”) 2-қисми бўйича жиноят иши очган.
Владивостокда РФ Жиноят кодексининг 267.1-моддаси (“Транспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланишга таҳдид солувчи хатти-ҳаракатлар содир этиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Яна икки жиноят иши ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик содир этиш (ЖК 318-моддаси 1-қисми) ҳолатлари юзасидан қўзғатилгани айтилмоқда.
Новосибирскда оммавий тартибсизликларга чақириш тўғрисида жиноят иши очилган. Тергов тахминига кўра, 2021 йил январида “номаълум шахслар” ижтимоий тармоқларда оммавий тартибсизликларга чорлаганлар. Бу хабарлар воситасида, Тергов қўмитаси иддаосича, гўё 23 январь куни Навальнийни дастаклаш намойишларига чиққанда зўравонлик, талон-торож қилиш, ўт қўйиш, мулкларни йўқ қилиш, қурол ва портловчи моддаларни қўллаш, шунингдек қуролли қаршилик кўрсатиш сингари жиноий хатти-ҳаракатларга даъват қилинган.