Россия: ТИВ мулозими “Толибон” муваффақиятлари ижобий роль ўйнаётганини иддао қилди

"Толибон" ҳаракати вакиллари Москвадаги матбуот анжуманида, 2021 йил 9 июли

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Афғонистонда “Толибон” ҳаракатининг (Россияда террор ташкилоти деб топилган) ҳарбий муваффақиятлари ижобий натижа бераётганини иддао қилди.

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳамда ТИВ мулозими бўлган Замир Кабуловга кўра, толиблар мамлакат шимолидаги ҳудудларни ишғол қилишда Афғонистоннинг ички ишларига эмас, балки Марказий Осиё, Покистон ва Эронга кўз тиккан гуруҳлар билан урушиб, йўқ қилмоқда.

Кабулов иддаосича, шу тариқа толиблар Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳамкорлари ва иттифоқчиларининг хавфсизлиги нуқтаи назаридан “ижобий омил” ўлароқ ўртага чиқяпти.

Аввалроқ “Толибон” ҳаракати делегацияси Москвада бўлиб, Россия ТИВ раҳбарлари билан музокара олиб боришган, кейин эса матбуот анжумани ўтказишган эди. Радикал ҳаракат вакиллари Россияга АҚШ ва НАТО ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кета бошлагани ортидан “Толибон”нинг ҳукумат кучларига қарши бошлаган ҳужумлари манзарасида сафар қилганлар.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари “Толибон” билан музокаралар ўтказишдан мақсад Афғонистонда барқарорликни мустаҳкамлаш эканини билдирганлар.