Москвадаги терактдан сўнг марказий осиёлик мигрантлар, биринчи галда тожикистонликлар Россиядан қувила бошланди. Бир ойдирки, мамлакатда меҳнат мигрантларига ёппасига облавалар уюштирилмоқда: полиция уларни ётоқхоналаридан, иш жойларидан ва ҳатто масжидлардан тутиб, олиб кетаётир. Зарур ҳужжатсиз юрганлар дарҳол Россиядан бадарға қилинмоқда, келаётган мигрантлар эса кўп ҳолларда “жамоат хавфсизлиги” деган баҳона билан мамлакатга киритилмаяпти.
Шу муносабат билан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига “жуда зарур бўлмаса, Россияга бормай туриш”ни тавсия қилди. Ушбу мурожаат вазирлик сайтида эълон қилинди. Тожикистон ТИВ, шунингдек, тожик фуқароларини Россия ҳудудига асоссиз киритмаслик “оммавий тус олган”идан ва Россияда “Тожикистон фуқароларига ва тожикларга нисбатан салбий қараш” шаклланаётганидан ташвиш билдирган.
Россияда яшаб, ишлаётган кўплаб мигрантлар ватанга қайтишни ўйлашмоқда ёки аллақачон қайтишди. Биргина Тожикистонга 200-300 минг киши, аксари ёш йигитлар, қайтиши мумкин. Хўш, улар Раҳмон ҳукуматига хавф туғдирадими, йўқми? Оммавий қайтиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? “Настояшчее время” телеканали Тожикистон иқтисодиёт вазирининг собиқ ўринбосари Каримжон Аҳмедовга шу саволларни берди.
– Сизнингча, Россия “Крокус”даги терактдан кейиноқ эмас, орадан бир ой ўтиб Тожикистон фуқароларига нисбатан чегара назоратини кучайтиришга қарор қилди? Бу яқинда Тожикистон ТИВ терактда гумон қилинаётган тожикистонликлар қийноққа солинаётганини қоралаб баёнот бергани билан боғлиқ эмасмикан?
– Ажаб эмас. Бироқ бунақа ишлар янгилик эмаслигини, аввал ҳам бўлганини унутмайлик. Масалан, 2010 ва 2012 йилларда ҳам бўлган.
Ушбу таранглик Россия ва Тожикистон муносабатларида туб ўзгаришларга олиб келади, деб ўйламайман. Эҳтимол, Тожикистон ўзига бирон фойда чиқаришга уриниб кўрар. Аммо мамлакат Россияга шу қадар тобеъ бўлиб қолганки, орага совуқчилик тушишини асло хоҳламайди.
– Тожикистон ҳозирда Россиядан бирон нарса ундира оладиган аҳволдамикан?
– Ҳозир шунақа қилиш мумкин бўлган палла. Ундира олиши маҳол, лекин у пайтдан фойдаланиб ўзининг қанақадир позицияси борлигини кўрсатиб қўймоқчи.
Бу ички аудитория талаби, Тожикистон ҳукумати шундай қилишга мажбур, чунки улар 30 йилдан зиёд вақтдан бери ҳокимият тепасида. Юз бераётган воқеаларга муносабатини ички аудиторияга кўрсатиш учун албатта нимадир қилишлари керак. Тожикистон ТИВ баёнотлари ҳам аввало ички аудиторияга қаратилган.
– Келинг, бир нарсани аниқлаштириб олайлик: Тожикистон ТИВнинг Россияга бормаслик ҳақидаги тавсияси жайдари тилга қандай таржима қилинади? Бир дунё мисоллар бор. Ўз вақтида Ғарб дипмиссиялари ҳам шунақа баёнотлар билан чиққан, масалан, Украинага босқин бошланиши арафасида. Бу ҳолатда-чи?
– Назаримда, Тожикистон бу билан шунчаки, бошқа давлатлар, чунончи Ғарб мамлакатлари, Хитой ёки бошқа бириси билан алоқаларни қуришда потенциал муқобили мавжудлигини намойиш этмоқчи бўлди. Бироқ сиёсий жиҳатлар, Тожикистоннинг ўзидаги ҳокимият архитектураси шундай тузилганки, мамлакат Россия орбитасидан чиқа олмайди, чунки Москвага ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий қарам. Чиқмоқчи бўлган тақдирда ҳам Россия йўл қўймайди бунга.
Тожикистон – Арманистон эмас, Кавказ эмас, бу мутлақо бошқа вазият, узоққа мўлжалланган махсус архитектура бу. Биз ҳеч қанақа ўзгариш кўрмаймиз, тез орада бунга ўзингиз амин бўласиз. Манави техник муаммолар бартараф этилади ва мигрантлар оқими қайтадан бошланади. Яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишади.
– Айни вазиятда Тожикистон ҳукуматида Россияга қарши қанақа жавоб чоралари бор? Республика ҳукумати, дейлик, ўз ҳудудидаги Россия ҳарбий базаси масаласини кўтариши мумкинми?
– Адашмасам, 2012 йилда худди шунақа бўлган эди. Масала кўтарилган, сўнгра музокаралар ва Россиянинг енгилгина босими ва бир неча қўнғироқлардан сўнг ҳарбий базанинг қолиш муддати биратўла салкам 50 (аниқроғи, 49) йилга узайтирилган.
Бу гал, менимча, база масаласи кун тартибига чиқарилмайди ҳам. Чиқарсалар бўларди, кўп экспертлар Тожикистон фурсатдан фойдаланиб, ҳарбий базани олиб чиқиш кетишни Россиядан талаб қилиши керак, деб ҳисоблашмоқда. Лекин бундай бўлмайди.
Бу иш Россия истаган тақдирдагина бўлиши мумкин, аммо Россия буни хоҳламайди. У минтақадан кетмайди; Тожикистон, шунингдек Қирғизистон ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли равишда, Россиянинг қаттиқ назоратида қолади, Кремл қўйиб юбормайди уларни. Иккови ҳам Россия орбитасида маҳкам турибди.
– Тожикистон раҳбарияти ўз мигрантларининг Россиядан оммавий депортация қилинишига тайёрми? Умуман, бугун ҳукумат қайтувчилардан қанчасини иш билан таъминлай олади?
– Мутлақо тайёр эмас, чунки Тожикистон аҳолисининг 70 фоизи аграр секторда ишлайди, аграр сектор эса ривожланган эмас. Унинг Тожикистон иқтисодиётидаги улуши, адашмасам, атиги 17-18 фоизга тенг.
Ҳукумат Россиядан келганларга иш топиб беролмайди ва бу Тожикистонга нисбатан ҳамиша қўллаш мумкин бўлган ричаг саналади, чунки юз минглаб ишсиз ёшлар – сиёсий режимга тўғридан-тўғри таҳдиддир. Шу боис улар вазиятни шу ҳолида сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилишади, керагича ён беришади. Аммо Тожикистон ТИВ баёнотларидан ортиқ нарсани улардан асло кутманг.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Россияга бундан зиёд кескинлик қилишса, режимнинг куни битади. Йўқ, ҳеч қачон бундай қилишмайди. Россияда уч ярим миллион киши ишлар экан, бу сира мумкин эмас.
– Тожикистонга қайтиб кетган ёки депортация қилинган 200-300 минг киши Эмомали Раҳмон ҳукуматига қандай хавф солиши мумкин? Бу ижтимоий норозиликка олиб кела оладими? Юқорида, бу режимни қулатган бўлур эди, дедингиз. Қай тарзда?
– Биринчидан, мигрантларнинг аксари ёшлар эканини эсдан чиқармайлик. Иккинчидан, қайтганлари билан уларни ҳозирда Тожикистонда мавжуд иқтисодий модел ва ижтимоий хизматларга киритиб юбориш имконсиз, чунки иш ўринлари йўқ.
Кўплаб салбий таъсирлар бўлади. Криминоген вазият ёмонлашади, ёшларнинг бир қисми радикаллашади, натижада Тожикистон ҳукумати яна сиёсий босимни оширишга мажбур бўлади.
Мамлакат аҳолининг бир қисми четда кун кўраётгани ҳисобига жон сақлаб турибди, ҳукумат қолган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини базўр қопламоқда. Уларга 200-300 минг қўшилиши – катта муаммо бўлади. Душанбе вазият бунгача боришини истамайди ва ҳозирда мавжуд кескинликни бартараф этиш учун ҳамма нарсани қилади.