Россия: Тува марказида мобилизацияга қарши аёлларнинг норозилик акцияси бўлиб ўтди

Қизил шаҳридаги норозилик акциясидан тутиб кетилган аёллар полиция бўлимида

Тува республикаси маркази бўлмиш Қизил шаҳрининг Арата майдонида бир гуруҳ аёл ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси хабарига кўра, акцияга чиққан аёллар “Йўқолсин мобилизация” деб қичқиришган.

Норозилик тадбири бошланганидан беш дақиқа ўтар-ўтмас у ерга полиция ходимлари етиб боришган ҳамда 20 га яқин акция қатнашчисини тутиб кетишган.

“Полиция ходимлари сони норозилар сонидан кўпроқ эди”, дея қайд этган акция иштирокчиларидан бири.

Таҳририят тасарруфида бўлган видеода полициячилар уч кишилашиб бир аёлни, майдонни ўзи тарк этишга тайёрлигини айтганига қарамай, куч билан олиб кетаётгани акс этган.

Полиция бўлимида аёллардан шахсий маълумотлар ва бармоқ изларини топширишни талаб қилишаётгани айтилмоқда.