Россиянинг Украина билан чегарадош саккиз ҳудудидан ўқишини кўчиришга рухсат берилган ўзбекистонлик талабалар рўйхати тасдиқланди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Курск, Брянск, Белгород, Воронеж, Ростов, Краснодар, шунингдек, Қрим ва Севастополдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабага ўқишини истисно тариқасида Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасаларига кўчириш имкони берилмоқда.
Рўйхатга киритилган талабалардан ўзлари ҳужжат топширган олий таълим муассасасининг ўқишни кўчириш бўйича масъулларига учрашиши сўралган.
“Белгиланган тартибда my.dtm.uz сайти орқали рўйхатдан ўтган, аммо ушбу тасдиқланган рўйхатда исм-шарифи келтирилмаган фуқаролар бўйича тегишли ташкилот хулосаси кутилмоқда. Натижаси юзасидан яқин кунларда қўшимча маълумот эълон қилинади”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Аввалроқ Озодлик Россиянинг Украина билан чегара ҳудудларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳарбий ҳаракатлар туфайли ҳаётлари хавф остида қолгани сабабли ўқишни ватанга кўчиришда кўмак сўраб, президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллагани ҳақида хабар қилган эди.
Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги хулосасига биноан талабалар ўқишини уларнинг доимий яшаш манзили ҳудудида жойлашган ОТМнинг мос ва турдош (мос ва турдош бўлмаган тақдирда мазмунан яқин) таълим йўналишига кўчиришга ижозат берган. Бунда аниқланган фанлар фарқи 2022-2023 ўқув йили давомида бепул топширилиши маълум қилинган.