Россия Мудофаа вазирлиги рус ҳарбийлари Украина билан чегарадош ҳудудларни тарк этаётганини маълум қилди.
Расман билдирилишича, Россия ҳарбийлари мазкур ҳудудда бир ойлик ҳарбий машғулотлар ўтказган. Машғулотларда 10 мингдан кўпроқ аскар қатнашган.
“Жанговар тайёргарлик бўйича машғулотлар Астрахан, Волгоград ва Ростов вилоятларида, Ставропол ва Кубанда, Шимолий Кавказ ва Қримда, шунингдек, Абхазия, Арманистон ва Жанубий Осетияда ўтказилди”, - дейилади вазирлик сайтида эълон қилинган билдирувда.
25 декабрь куни Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ конгрессменлари ва сенаторлари билан Донбассдаги ҳамда Россия-Украина чегарасидаги вазият юзасидан онлайн мулоқот ўтказган эди. Мулоқот чоғида Зеленский мазкур вазиятни барқарорлаштиришда АҚШнинг роли муиҳм эканини таъкидлаганди.
Шу йил 14 ноябрида Украина президенти Володимир Зеленский Украина билан чегарада Россиянинг қарийб 100 минг аскари турганини айтган.
Расмий Киев ҳамда Ғарб мамлакатлари Россия Украина ерларига бостириб кириши мумкинлигидан жиддий хавотирга тушган.Аммо Кремль бу тахминларни “иғво” деб атаб, ўз навбатида, минтақада НАТО фаоллашганидан ташвишланаётганини билдирган.