Россиянинг “Газпром” ширкати Украинанинг “Нафтогаз” ширкати билан беш йиллик шартнома муддати тугагани муносабати билан 1 январь куни эрталабдан Украина ҳудуди бўйлаб газ транзитини тўхтатиб қўйди.
Киев расмийлари Россия гази транзити тўхтатилганини тасдиқлашди. “Бу тарихий воқеадир. Россия бозорларини йўқотмоқда, у молиявий зарар кўради”, дея билдирган Украина энергетика вазири Герман Галушченко.
Бу қадам “миллий хавфсизлик манфаати йўлида” амалга оширилди, дейилган баёнотда.
Аввалроқ Киев транзит шартномасини узайтириш бўйича музокаралардан бош тортган эди. Россия президенти Владимир Путин 2025 йил бошигача янги шартнома тузиш имкони йўқлигини айтган.
Украина орқали ўтган Россия қувури аввалгидек Россия газини олишни истаган ва Украинадан шартнома муддатини узайтиришни талаб қилган Словакия ҳудудига чиқади. Словакия бош вазири Роберт Фицо Украина томонидан Россия гази транзити тўхтатиб қўйилиши туфайли Европа Иттифоқи кўрадиган зарар миқдорини йилига 60-70 миллиард евро, дея баҳолаган. Фицо ЕИ раҳбариятига очиқ хат билан мурожаат қилиб, унда газ транзитидан бош тортишга қарор қилган Украина ва унинг президенти Владимир Зеленскийни танқид қилган. Фицога кўра, ЕИ кўрадиган зарарни Россия кўрадиган 2 миллиард евролик зарар қиёслаб бўлмайди.
Словакия ва Австрия Россия газининг асосий импортчилари бўлиб ҳисобланади. Экспертлар баҳосига кўра, Братислава ерости омборларидаги катта газ захиралари ҳисобига 2-3 ой Россиядан етказиб бериладиган газсиз кун ўтказиши мумкин. Австриядаги ҳолат ҳам шунга ўхшаш.
Украина орқали газ транзити тўхтатилишидан, таҳлилчилар фикрича, энг кўп Кишинёв зарар кўради, бироқ бунинг газ бозорига умумий таъсири минимал даражада бўлади.
Шу билан бирга, газ етказиб берилишининг тўхтатилиши сезиларли геосиёсий маънога эга бўлади, дея қайд этган Reuters. 2022 йилдан буён Европа Иттифоқи мамлакатлари АҚШ, Норвегия ва Қатардан газ олиб, Россия газига қарамликни фаол равишда пасайтириб келишган. Бу Россия Европа газ бозорида устувор позициясини йўқотишига олиб келган.
2024 йилда Россия Европага йилига тақрибан 15 миллиард куб метр газ етказиб берган (газ экспорти ҳажмининг ярми), бу РФга 6 миллиард долларга яқин даромад келтирган. Марказий ва Жанубий Осиёга ҳамда Хитойга янги газ-транспорт йўлларисиз бундай ҳажм ўрнини тез орада тўлдиришнинг имкони бўлмайди, деб ёзган РБК.