Россия умумий қиймати 530 миллион доллардан кам бўлмаган миқдордаги украин ғалласини ўғирлаган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Associated Press агентлиги ва Frontline жамғармаси журналистик суриштирувида қайд этилди.
Журналистлар сунъий йўлдошлардан олинган фотосуратлар ва радиоузаткичлардан олинган маълумотларга таянган ҳолда Украинанинг Россия босиб олган ҳудудларидан Туркия, Сурия, Ливан ва бошқа давлатлар бандаргоҳларига камида 50 маротаба буғдой олиб борган 30 та кеманинг йўналишини ўрганган.
Журналистлар украин буғдойи контрабандасиси кўламини аниқлаш учун транспорт декларацияларини текширган, ижтимоий тармоқлардаги хабарларни ўрганган, фермерлар, юк жўнатувчилар ва амалдорлар билан суҳбатлашган.
Суриштирув муаллифлари суҳбатлашган экспертлар бу каби ҳажмдаги буғдойнинг ўғирланишини ҳарбий жиноят деб баҳолаш мумкинлигини айтмоқда. Негаки, халқаро ҳуқуқ бўйича мародёрлик жиноий жазо берилиши шарт бўлган ҳаракат ҳисобланади.
Журналистлар Россия томонидан босиб олинган Мелитополдан юкланган ғаллани Ливанга етказган "Лаодикия" кемасини мисол тариқасида келтирган. Киев бу кемага ўғирланган ғалла юкланганини билдириб, Ливан ҳукуматидан кемани ҳибсга олишни илтимос қилган. Бироқ Ливан Кремль томонини ҳимоя қилиб, 10 минг тонна ғалла ўғирланмаганини билдирган ва уни тушириб олишга рухсат берган.
Журналистик суриштирувда қайд этилишича, украин ғалласини ўғирлаётган ширкатлардан яна бири Бирлашган кемасозлик корпорацияси бўлиши мумкин. Корпорация Crane Marine Contractor шўъба корхонаси орқали Россия Украинага уруш бошлашидан бир неча ҳафта олдин учта юк ташувчи кемани сотиб олган. Бу кмалар камида 17 марта Қримдан Туркия ва Сурияга қатнаган.
Мелитопол мэри Иван Федоров Associated Press агентлигига Россия минтақадан поезд ва юк машиналарида аннексия қилинган Қрим ва Россия портларига украин ғалласини олиб кетаётганини айтган.Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеоларда ҳам Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан Россияга тинимсиз қатнаётган ғалла ташувчи юк машиналарини кўриш мумкин. Улардан айримларига Z белгиси чизилган.
Журналистик суриштирувда Туркия ҳам укриан ғалласини ўғирлаш иштирокчиларидан бири бўлгани эҳтимол экани айтилади. Россия қамал қилган Одесса портларидан буғдой олиб чиқиш амалиёти Туркиянинг аралашуви ортидан бошланган.
Суриштирув муаллифлари Туркия ўғирланган украин ғалласини қабул қилиб олган бўлишини тахмин қилишмоқда. Бироқ Туркия Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатга Украинадан ўғирланган ғалла олиб кирилгани тасдиқланмагани тўғрисида билдирган. Кремль ҳам бу иддаоларни рад этган.