Россия Давлат думаси 15 февраль куни Украина шарқидаги россияпараст исёнчилар назоратидаги Донецк ва Луганскни мустақил давлатлар сифатида тан олиш тўғрисида президент Владимир Путинга мурожаат этиш борасидаги қарорни қабул қилди.
Исёнчилар Москва қўлловида босиб олган бу икки вилоят ўзини 2014 йилда Халқ Республикаси деб эълон қилган эди.
Мазкур қарор Думанинг 351 депутати томонидан қўллаб-қувватланди. Донецк ва Луганскни мустақил давлатлар сифатида тан олиш бўйича Россия Ташқи ишлар вазирлиги билан маслаҳатлашиш тўғрисда “Ягона Россия” фракцияси таклиф қилган қарор лойиҳаси учун 310 депутат овоз берди.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россияни Дума қабул қилган қарорларни бекор қилишга ва “бу каби гибрид фитналарга барҳам бериш”га чақирди.
Россия Давлат думаси депутати Вячеслав Макаровнинг билдиришича Донецк ва Луганскда 773 минг киши Россия фуқаролигини қабул қилган.