Россияда 1 апрелдан армияга контракт асосида аскар ёллашнинг навбатдаги босқичи бошланади. Россия нашрларининг ёзишича, Мудофаа вазирлиги ҳудудларга жўнатган ҳужжатда 400 минг кишини аскарликка ёллаш режалаштирилаётгани қайд этилган.
Вилоят ва минтақаларга бўлиб берилган режа бажарилиши учун шахсан губернаторлар масъул бўлади. Масалан, Челябинск ва Свердлов вилоятларининг ҳар биридан 10 мингдан, Перм ўлкасида 9 минг кишини аскарликка ёллаш белгиланган.
"Вёрстка" нашрининг ёзишича, военкоматлар Россия армиясидаги йўқотишлар ўрнини тўлдириш учун ноёб ҳарбий мутахасисликка эга бўлганларни, яъни зирхли машина ҳайдовчилари ва артилеристларни армияга кўпроқ жалб этишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “мамлакатда мобилизациянинг иккинчи тўлқини бошланиши” тўғрисидаги хабарларни рад этмоқда.
Ўтган йилнинг сентябрида Путин Россияда мобилизация эълон қилганидан сўнг армияга заҳирадаги 330 минг киши чақирилган. Мудофаа вазири Сергей Шойгу январь ойида Россия армиясини кейинги уч йил ичида бир ярим миллион кишига кўпайтириш режасини эълон қилди.
Бир неча кун аввал Давлат думасига Россияда армияга чақириш ёшини ҳозирги 27 дан 30 ёшга кўтариш таклиф қилинган қонун лойиҳаси киритилди.