Россия Украинага исталган вақтда ҳужум қилиши мумкин экани тўғрисидаги ғарб давлатлари огоҳлантируви ортидан жаҳондаги қатор давлатлар ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирди. Бу давлатлар орасида АҚШ, Британия ва Германия ҳам бор.
13 февралдан бошлаб Австралия Киевдаги элчихонаси фаолиятини вақтинча тўхтатди. Бундан ташқари исёнчилар босиб олган Донецкдан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ходимлари ҳам олиб чиқиб кетилмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди. Канада эса Киевдаги элчихонаси ходимларини Польша чегараси яқинидаги Львов шаҳрига кўчираяпти.
Хабарларда айтилишча, бундай чоралар АҚШ ва Франция лидерларининг Россия президенти Владимир Путин билан Украина масаласидаги музокаралари натижасиз тугагани ортидан амалга оширилмоқда.
12 февралда АҚШ президент Жо Байден Владимир Путин билан телефон орқали яна бир суҳбат ўтказиб, Россия Украинага ҳужум қиладиган бўлса “муносиб жавоб қайтарилиши”дан яна бир бор огоҳлантирди.