Россия армияси 9 мартга ўтар кечаси Украина ҳудудини тўхтовсиз равишда ракеталар билан бомбардимон қилди. Қатор вилоятларда ракеталар аҳмиятли энергетик объектларга зарар етказган, одамлар яраланган.
Киев ҳокимияти хавфли вазият сақланиб қолаётганини билдириб, аҳолини бомбапаноҳлар ва бошқа хавфсиз жойларда бўлиб туришга чақирди. Киев мэри Виталий Кличко Голосеев туманида портлаш бўлганини маълум қилди. У ерда қутқарувчилар ишламоқда. Святошинск туманида портлашда икки киши яраланди.
Харьков раҳбари Олег Синогубов вилоятга камида 15 та ракета отилганини айтди. Бу ерда аҳамиятли объектларга зарар етган, бир уй вайрон бўлган. Ҳозирда яраланганлар сони аниқланмоқда.
Одесса вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Максим Марченко энергетика объектларига ракеталар урилгани, уйлар вайрон бўлганини билдирди. Энергетика объектларига берилган зарба оқибатида вилоятда электр таъминотига чекловлар киритилди. Хмельницк вилояти ҳам бомбардимон қилинди.
Москва сўнгги пайтларда тўхтовсиз равишда Украина вилоятларини бомбардимон қилаётгани борасидаги хабарларга муносабат билдирмади.