Ҳарбий хизматга электрон чақирув олган қўшфуқаролиги бўлган тожикистонликларга Россияни тарк этиш тақиқланди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати Россияда яшаётган тожик фуқароларига таянган ҳолда хабар берди. Манбалар бу ҳақда Россиянинг “Давлат хизматлари портали”дан маълумот олганларини айтганлар.
Бу маълумотни мигрантлар ҳуқуқи ҳимоячиси Валентина Чупик ҳам тасдиқлади. Чупикнинг билдиришича, унга армияга электрон чақирув олган тожикистонликлар мурожаат қилган. Унга кўра, Россия ҳукумати қўшфуқароликка эга бўлганларни Украинадаги урушга жўнатиши мумкин.
Россия президенти Владимир Путин 14 апрелда ҳарбий хизматга электрон чақирув тўғрисидаги қонунни имзолаган эди. Кузатувчилар бу қонун Россия фуқаролигини олган мигрантларга ҳам таалуқли бўлишини билдирган эди.
Қонунга асосан электрон чақирув фуқаронинг “Давлат хизматлари портали”даги шахсий кабинетига жойлаштирилади. Электрон чақирувни олган фуқаролар ҳарбий комиссариатга бориши шарт ва уларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши тақиқланади.
Расмий маълумотларда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чорагидаёқ 45 мингга яқин тожикистонлик Россия фуқаролигини қабул қилган.