Воронежда 16 январга ўтар кечаси содир этилган дрон ҳужумидан сўнг фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда шаҳар мэри Вадим Кстетин маълум қилди.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Воронеж вилоятида Украинанинг беш дрони уриб туширилганини, уч дрон эса қўлга олинганини билдирган эди. Киев бу хабарга муносабат билдирмади.
Маҳаллий ҳукуматнинг билдиришича, уриб туширилган дронларнинг парчалари кўп қаватли уйлардан бирига қулаши оқибатида ёнғин юзага келган, бир нечта уйнинг ойналари синган. Ҳужум оқибатида 2013 йилда туғилган қиз жабрланди, деб маълум қилди Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев.
ТАССнинг хабар беришича, бир нечта уйга зарар етган, кўп қаватли уйлардан бирида яшовчилар эвакуация қилинган.
16 январга ўтар кечаси воронежликлар ижтимоий тармоқларда шаҳарда ва аэродромда бир неча кучли портлаш овозлари эшитилгани тўғрисида ёзган эдилар. Воронеж аэродроми Украинага зарба бериш мақсадида Россия ҳарбий коинот кучлари томонидан фойдаланилади.
Украина билан чегарадош вилоятлар ҳокимиятлари деярли ҳар куни дронлардан ҳужум қилинаётгани тўғрисида хабар бермоқда. Украина бу хабарларга муносабат билдирмаяпти. Россия эса деярли ҳар куни Украина ҳудудларига “Шаҳед” дронлари билан ҳужумлар уюштирмоқда.