Россия ҳукумати 1 мартдан бошлаб бензин экспортини чеклайди. Озодлик радиоси рус хизматининг хабар беришича, чеклов Украина армияси нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилгани ортидан киритилмоқда. Хабарда айтилишича, ғарб санкциялари оқибатида ҳужум оқибатларини тез орада бартараф этиш имкониятлари мавжуд эмас.
Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак расмий вакилининг билдиришича, чеклов олти ойга киритилмоқда. Бунинг оқибатида ҳукумат бензин ишлаб чиқариш қисқаргани сабабли нархлар ўсишининг олдини олмоқчи.
Россиянинг Волгоград, Краснодар, Туапсе ва Усть Лугидаги тўртта нефтни қайта ишлаш заводи январь-февралда дронлар ҳужумига учраган эди. Нижегород нефтни қайта ишлаш заводида юз берган носозлик оқибатида эса Россияда бензин ишлаб чиқариш 2 фоизга озайди.
РБКнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бензин экспорти чеклови “Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар, Монголия, Ўзбекистон, Абхазия ва Жанубий Осетияга жорий этилмаслиги мумкин”, деган таҳминни билдирди.
Иқтисодий соҳага ихтисослашган РБКнинг қайд этишича, нефтни қайта ишлаш заводларига қилинган дрон ҳужумлари оқибатида Россияда АИ-92 ва АИ-95 бензини ва дизель ёқилғиси нархлари 23 фоизгача қимматлаган.