Россия Украинага бирданига 630 нафар асир алмашишни таклиф қилди

Январь ойидаги асир алмашинуви доирасида ватанига қайтган украиналик ҳарбийлар

Россия Украинага “630 нафарга 630 нафар” формуласи бўйича уруш бошидан буён энг йирик асир алмашуви ўтказишни таклиф қилган. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Украинадаги бир неча нашр хабар қилди.

Таклифни Россия ТИВ вакили Мария Захарова ўз матбуот анжуманида очиқлаган.

Эътиборингизни қаратишни истардимки, биз алмашинувга россиялик ҳарбийлардан кимларни киритишни Украина ихтиёрига қолдирамиз”, дея иқтибос келтирган Украина нашрлари россиялик мулозима сўзларидан.

Украина расмийлари Захарова сўзлари юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ. Ўз навбатида, кремлпараст Readovka нашри Украина томони билан бу борада аллақачон келишувга эришилганини иддао қилмоқда.

Захарова тилидан мазкур таклиф янграши Украинадаги айрим телеграм-каналларда чоршанба куни Украина махсус амалиётлар кучлари Курск вилоятида гўё Россия Қуролли кучларининг сара бригадасидан бўлган ўнлаб денгиз пиёдасини асир олгани ҳақида маълумот тарқатилгани билан бир вақтга тўғри келди. Ўзларини денгиз пиёдаларининг 810-бригадаси жангчилари деб таништирган айрим асирлар видеоси тармоқда ёйинланган. Россия Мудофаа вазирлиги бу борада изоҳ бермаган.

Июнь ойида Россия президенти Владимир Путин Украинада 1 минг 348 нафар россиялик, Россияда эса 6 минг 465 нафар украиналик асир сифатида тутиб турилганини иддао қилган эди. Август ойида Украина Қуролли кучларининг Курск вилояти ҳудудига кириши натижасида аксарияти муддатли ҳарбий хизматчилардан иборат юзлаб россиялик аскар асирга тушган эди.