Россия ҳарбийлари 31 июлга ўтар кечаси Украинага уруш бошидан бери дронлар билан энг кўламли ҳужумлардан бирини амалга оширди. Бу ҳақда Украина расмийлари маълум қилишди.
Украина армияси Ҳаво кучлари маълумотига кўра, ўтган тунда Россия Украина ҳудудларига 89 та ҳужумчи дрон ва битта ракета йўллаган. Уларнинг барчаси, шу жумладан дронларнинг қирқдан зиёди Киев яқинида уриб туширилган. Украина пойтахтида тревога етти соатдан кўпроқ давом этган.
“Бу июль ойи мобайнида душман дронлари билан Киевга қилинган еттинчи ҳужум бўлди. Пойтахтга йўлланган дронлар сони бўйича у 2024 йилдаги энг кўламли ҳужум бўлди”, дея маълум қилган Киев маъмурияти
Дронлар ва артиллерия зарбалари оқибатида Днепропетровск вилоятида ижтимоий муассаса биноси ва икки автомобилга шикаст етган. Бошқа вилоятлар расмийлари ўз ҳудудларида дрон ҳужумидан кейин қурбонлар ва вайронгарчиликлар бўлмаганини маълум қилишган.
Россия Янги йил кечасида ҳам Украина ҳудудига қарийб шунча дрон йўллаган эди.
БМТ маълумотига кўра, икки йил ичида Украинадаги урушда 10 мингдан зиёд одам ўлдирилган, қарийб 20 минг киши яраланган. БМТ россиялик ҳарбийлар томонидан Украинадаги тинч аҳоли орасида қатллар, одам ўғирлашлар, қийноқлар, аёвсиз муомала ва ўзбошимчалик билан қўлга олиш ҳолатларини ҳужжатлаштирган.