Россия думаси ресторанлардан урушни қўллаш учун йиғим ундиришни таклиф қилди

Россия Давлат думаси ресторанлар, барлар, кафелар мижозларидан Украинада ўтказилаётган “махсус амалиёт”ни қўллаб-қувватлаш учун махсус мажбурий йиғим ундириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа матни дума расмий сайтида эълон қилинди. Россия ҳукумати Украинадаги урушни “махсус амалиёт” деб атайди.

Қонун лойиҳасида умумий овқатланиш шохобчалари мижозларидан кўрсатилган хизматнинг бир фоизи миқдорида йиғим ундириш таклиф қилинади. Тўпланган маблағ федерал бюджетга келиб тушади, бюджетдан эса “махсус амалиёт” иштирокчиларини қўллаб -қувватлаш учун ташкил этилган “Ватан ҳимоячилари” давлат жамғармасига йўналтирилади.

“Ватан ҳимоячилари” давлат жамғармаси президент Владимир Путин кўрсатмаси билан апрель ойида ташкил этилган эди. Жамғарма Украинадаги уруш фахрийларига кўмак кўрсатиш ва уларни дастаклаш мақсадида тузилган. Жамғармани давлат бюджетидан ва ихтиёрий бадаллар ҳамда ҳомийлар кўмагида молиялаштириш назарда тутилган.

“Ватан ҳимоячилари” жамғармасига Кемерово вилояти губернаторининг хотини Анна Цивилёва раҳбарлик қилади. ОАВларнинг ёзишича, Анна Цивилёва президент Путиннинг жияни ҳисобланади.