"Ота-оналар жим". Россия мактабларида уруш пропагандаси

Калининград марказидаги Z белгиси туширилган "Юност" спорт маркази биноси.

Москванинг Украинага қарши уруши рус мактабларида тобора кўпроқ тарғиб қилинмоқда. Мактаб ўқувчилари ва мактабгача ёшдаги болалар босқинни қўллаб-қувватловчи оммавий намойишларга жалб қилинган.

Россия босқинининг норасмий рамзига айланган ва уруш танқидчилари томонидан "звастика" деб қораланган лотинча Z ҳарфи мактаб эшиклари ва деразаларида пайдо бўлди. Ижтимоий тармоқларда ўқувчиларнинг Украинадаги рус аскарларига ёзган мактублари суратлари тарқалди.

Март ойи ўрталарида Карелиянинг Элинсенваара шаҳридаги талабалар Украинанинг Қрим вилояти қўшиб олганининг саккиз йиллигини нишонлаш учун Россия байроқларини ушлаганча Z белгиси кўринишида саф тортишган.

Мавзуга алоқадор Уруш рамZи. Россиянинг Украинага босқини тимсоли қандай пайдо бўлди?

"Болалар байроқ билан туриши ёмонми? Бу фашистик свастика эмас. Ҳа, бу армияни қўллаб-қувватлаш, лекин мен армияни қўллаб-қувватлашимиз керак деб ўйлайман. Биз ватанпарварларни тарбиялашимиз керак”, дейди мактаб директори.

23 март куни Иркутск вилоятининг Майск қишлоғида ўқувчилар ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари “Биз ўзимизникини ташлаб кетмаймиз” деб номланган “флеш-моб”да қорда юраётгани тасвирлари пайдо бўлди.

“Бундай мураккаб даврда бутун юртимиз аҳолиси учун энг асосийси – ҳамжиҳат ва матонатли халқ бўлиш, бирдам бўлиш, ҳар куни қаҳрамонлик ва куч-қудрат кўрсатаётган юртдошларимизни, аскарларимизни ташлаб қўймасликдир”, деб ёзган Омск вилоятидаги Глинкино қишлоғи маъмурияти.

Санкт-Петербургда "Ягона Россия" партиясининг маҳаллий депутати талабаларга "президент ва Россия армиясининг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш" ва "Россияга қарши ахборот уруши ҳақида" маъруза қилди.

Март ойида Карелиянинг Элинсенваара шаҳридаги талабалар Қрим қўшиб олинишининг саккиз йиллигини нишонлаш учун Z белгиси кўринишида қорда сафга тизилган.

Калининград шаҳридаги 1-мактаб ўқувчиларига Украинанинг Одесса, Луганск ва Донецк шаҳарлари; Молдованинг Днестр вилояти ва АҚШнинг Аляска штати “рус ерлари” деган мазмундаги қўшиқ ўргатилган.

Қўшиқ матни "биз ўзгаларникини олмаймиз, лекин ўзимизникини қайтариб оламиз", деб бошланади. “Биз биламиз, эслаймиз, унутмаймиз ва мамлакатимизни Аляскадан Кремлгача ҳимоя қиламиз."

Айрим таҳлилчиларнинг айтишича, Россия президенти Владимир Путин 9 май куни бўлиб ўтадиган анъанавий Ғалаба парадида Украинада ғалаба қозонгани ҳақида эълон қилмоқчи.

Бутун шаҳар мактаблари ўқувчилари Украинадаги рус аскарларига хат ёзишга мажбурланган.

Калининград вилоятининг Балтийск шаҳрида ишлайдиган ва шахсини ошкор қилмасликни сўраган ўқитувчилардан бири ўз ўқувчиларидан лойиҳада қатнашишни сўрашдан бош тортганини айтди.

"Мен "махсус операция"ни қўллаб-қувватлайман . Ўз мамлакатимни қўллаб-қувватлайман. Лекин мен бу топшириқларни ўқувчиларимга бермайман. Мен иккиюзламачиликни ёқтирмайман. Менимча, болалар бундай мураккаб масалаларда ҳали тўғри хулоса чиқара олмайди. Аслида, аксарият катта ёшдагилар ҳам шундай”.

Санкт-Петербург муниципал депутати Валерий Бовар ота-оналарга мактаб директорларидан ўз фарзандларини "Украина суверен давлати ҳудудида махсус ҳарбий операция пайтида қуролли кучларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларда қатнашишдан" озод қилишни сўраш учун ариза намунасини тарқатди. Хат матнида бундай намойишлар конституция, таълим ҳамда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни бузиши баён этилган.

Ғарбий Псков шаҳрида маҳаллий тез тиббий ёрдам шифокори Иван Васильев вилоят губернаторидан 5‑ ва 10‑синф ўқувчилари учун мажбурий “асосий ҳарбий тайёргарлик”ни жорий этишни сўради. Васильев ўз мактубида Псков вилояти “икки НАТО давлати” – Эстония ва Латвия билан чегарадошлигини ва минтақа “Россиянинг НАТО билан чегарадаги форпости” эканлигини таъкидлаган.

Псков вилояти губернатори Михаил Ведерников Васильевнинг таклифи кўриб чиқилишини айтган.