Россия президенти Владимир Путин билан Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида Пхеньянда ўтказилган музокаралар якунига кўра икки мамлакат ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланган. Озодликнинг рус хизмати хабарига кўра, ҳужжатда жумладан ҳарбий соҳада ҳамкорлик имконияти ва аъзо мамлакатлардан бирига қарши уруш эълон қилинган пайтдаги ўзаро мажбуриятлар акс этган.
Путин КХДР пойтахтига икки кунлик ташриф билан 18 июнь оқшомида учиб борган - уни аэропортда шахсан Ким Чен Ин кутиб олган. Бу Путиннинг Шимолий Кореяга амалга оширган иккинчи сафари бўлиб ҳисобланади - биринчиси 2000 йилда амалга оширилган эди.
Аэропортда Владимир Путин билан Ким Чен Ин қизил гилам устида бир неча бор қучоқлашишган, кейин эса “аввал сиз ўтинг; йўқ, ўзларидан бўлсин” қабилидаги мулозамат билан бир-бирини лимузинга таклиф қилишган.
Путин билан музокаралар чоғида Ким КХДР ҳукумати “Россия ҳукумати, армияси ва халқига махсус ҳарбий амалиётни бажариш (яъни Украинадаги уруш - таҳр.) чоғида тўлиқ қўллов ва бирдамлик изҳор қилиши”ни билдирган. Ким фикрича, амалиёт “суверенитет ҳимояси учун, хавфсизлик ва ҳудудий яхлитлик манфаатларидан келиб чиққан ҳолда” ўтказилмоқда. Ким “дунёда стратегик мувозанатни сақлаш”да Россиянинг ролини ҳам қайд этган.
Путин эса ўз чиқишида Россия ва КХДРнинг тарихий алоқаларига, шу жумладан совет учувчиларининг 1950-53 йиллардаги Корея урушида иштирок этганига тўхталган. У Қўшма Штатларни танқид қилиб, Россияни Украина урушида дастаклагани учун Пхеньянни яна бир бор мақтаб ўтган. Бу ҳақда Путин ўз ташрифидан аввал Шимолий Корея газетасида чоп этилган мақоласида айтган эди.
Шимолий Корея Украинадаги уруш бўйича нейтрал позицияда эмас, балки Россияни қўллашини тўғридан-тўғри билдирган дунёдаги кам сонли мамлакатлардан биридир. КХДР Россия армиясига артиллерия снарядлар ва муҳтамалан ракета тизимлари етказиб бермоқда. Бунга жавобан Москва Пхеньянга муҳтамалан БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциялари билан тақиқланган ракета дастурида кўмаклашяпти. АҚШ ва Ғарб мамлакатлари Москва билан Пхеньян ўртасидаги ҳамкорлик юзасидан тобора кўпроқ ташвиш билдирмоқда.