Россия ва Украина ўртасида ўзаро асир алмашилди

Иллюстратив сурат

Россия ва Украина ўртасида 30 декабрь куни галдаги асир алмашуви ўтказилди. Асир алмашишга оид музокаралар Бирлашган Араб Амирликлари ўртамчилигида бўлиб ўтди.

Томонлар очиқлаган рақамлар бир-биридан фарқ қилади. Россия Мудофаа вазирлиги асир алмашуви “150 нафарга 150 нафар” формуласи бўйича бўлиб ўтганини билдирди. Вазирлик қайдича, россиялик ҳарбий асирлар Беларусь ҳудудига олиб чиқилган. Уларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда, улар қариндошлари билан гаплашиш имкониятига эга бўлишган. Асирлар қайтарилгани акс этган кадрлар Россия омбудсмени Татьяна Москалькова томонидан ёйинланди.

Айни пайтда Украина президенти Владимир Зеленский Украинага 150 нафар эмас, балки 189 нафар ҳарбий асир қайтгани ҳақида маълум қилди. Зеленскийга кўра, улар орасида турли қўшинларда хизмат қилганлар, шунингдек, Мариуполда россиялик ҳарбийлар томонидан тутиб кетилган икки фуқаровий шахс бор.

Зеленский асир алмашувидан кейин тасвирга олинган видео ва фотосуратларни ёйинлаган.

Россия ва Украина мунтазам равишда асир алмашиб келмоқда. Россия қўшинларининг Украинага кенг кўлами бошланган 2022 йил февралидан буён улар 59 марта асир алмашишган. 27 ноябрь куни Россия ТИВ уруш бошидан бери “630 нафарга 630 нафар” формуласи бўйича энг йирик асир алмашуви ўтказишга тайёр экани ҳақида билдирган. Украина томони ҳали бу ташаббус юзасидан изоҳ берган эмас.

Июнь ойида Россия президенти Владимир Путин Украинада 1348 нафар россиялик, Россияда эса 6465 нафар украиналик асир борлигини иддао қилган. Август ойида Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятига бостириб кириши натижасида асосан муддатли ҳарбий хизмат ўтаётган аскарлардан иборат юзлаб россиялик ҳарбий украиналикларга асир тушган эди.