Россия авиаширкатлари Ўзбекистонга парвозларни тўхтатди

Россия авиаширкатларига қарашли учоқлар.

Россиянинг “Smartavia” ва “I FLY” авиаширкатлари 5 мартдан бошлаб Ўзбекистонга амалга ошириладиган рейсларни тўхтатгани тўғрисида Ўзбекистон Транспорт Вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги 6 март куни хабар берди. Жумладан, “Smartavia” нинг 7 март кунига режалаштирилган Москва – Урганч – Москва йўналишидаги парвози ҳам бекор қилинди.

“Бекор бўлган авиақатновлар йўловчилари авиачипта пулларини қайтариш ёки чипталарини бошқа муддатга қайта бронлаш масалалари юзасидан ушбу чипталарни харид қилган авиакассаларга мурожаат этишлари тавсия этилади”,-дейилади расмий билдирувда.

Бундан аввалроқ “Аэрофлот”, “Россия”, “Аврора” ва S7 авиаширкатлари ҳам халқаро рейсларни амалга оширишни тўхтатганини билдирган эди. Мазкур авиаширкатлар Ўзбекистонннинг бир қатор шаҳарларига парвоз қиларди.

Халқаро рейсларнинг бекор қилиниши “парвозларнинг бажарилишига тўсқинлик қилувчи қўшимча ҳолатлар пайдо бўлгани” билан изоҳланмоқда.

Кремль Украинага уруш очгани ортидан жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари Россия авиаширкатлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Қатор давлатлар эса Россия авиаширкатлари ўзларидан ижарага олган самолётларни қайтариб олиш тўғрисида қарор чиқарган эди.