Россия армияси томонидан Полтавага берилган зарба оқибатида 40 дан зиёд киши ҳалок бўлган, 200 чоғли одам яраланган. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленскийнинг баёнотида айтилган. Зеленскийга кўра, зарба ортидан Полтавадаги Алоқа институти биноларидан бирига қисман шикаст етган.
Полтава вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Филипп Пронин қайдича, ҳужум ва унинг оқибатлари туфайли минтақада уч кунлик мотам эълон қилинди. Мулозимга кўра, шаҳар аҳли жабрланганлар учун қон топширмоқда.
“Полтавшчина ва бутун мамлакат учун катта фожиа”, деб ёзган Пронин ижтимоий тармоқларда.
Украина Мудофаа вазирлиги зарба иккита баллистик ракета билан берилганини маълум қилди.
Би-би-сининг украин хизмати зарба ҳадафи ҳозирда тарқатилган Полтава олий ҳарбий алоқа ўқув юрти ҳудудида жойлашган алоқа қўшинлари ўқув маркази бўлганини қайд этган.
Россиялик ҳарбий блогерлар зарба ҳарбийлар саф тортган пайтда берилгани, бунинг натижасида камида 50 киши ҳалок бўлганини иддао қилишмоқда.
Зарба ҳарбийларга қаратилганини Украина Олий радаси депутати Марьяна Безуглая билвосита тасдиқлаган.
“128-бригаданинг саф тортиши бизга сабоқ бўлмади”, деб ёзган депутат аёл Фейсбукдаги ўз саҳифасида. Ўтган йилнинг 5 ноябрида Украина Қуролли кучларининг 128-Закарпатье бригадаси Запорожье вилоятида Россия ракетаси зарбасига нишон бўлган эди. Ўшанда 20 чоғли одам ўлган, 50 дан зиёд киши яраланган.
Украина Мудофаа вазирлиги иддаосича, тревога билан ракетанинг ерга урилиши оралиғи шу қадар қисқа бўлганки, одамлар бомбапаноҳга чопиб кетаётган пайтларида зарбага нишон бўлишган.
Украина Ички ишлар вазирлиги ракета тушган жой яқинида тураржой мавзеи борлигига эътибор қаратган. Зарба тўлқини кўп қаватли уйлар ойнакларини парчалаган.
Россия Мудофаа вазирлиги Полтавага ҳужум юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. Москва Украинанинг фуқаровий инфратузилмаси ва тинч аҳолига қасдан зарбалар берилаётганини инкор қилиб келади.