Россиянинг Брянск шаҳрида 8-синф ўқувчиси бўлган қиз синфдошларини ўққа тутди. Синфдош қизлардан бирини отиб ўлдирган ҳужумчи қиз ўз жонига ҳам қасд қилган.
Брянск вилояти ИИБ маълумотига кўра, отишма чоғида ҳужумчининг синфдошларидан тўрт нафари жароҳат олган, касалхонага олиб кетилган ўқувчилардан бири оғирлиги айтилмоқда.
Мазкур воқеа Брянскдаги 5-гимназияда содир бўлган. ТАСС агентлигининг ёзишича, 14 яшар қиз мактабга отасига тегишли милтиқни олиб келиб, ундан бир неча бор ўқ узган. Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейн ўқувчи қиз ов милтиғини ғилофда олиб келганини ёзиб, фотосуратини эълон қилди.
«7x7» нашрининг ёзишича, гумонланувчи дарсга кечикиб келган, синфга кирганидан кейин у милтиқдан беш марта ўқ узган. Ҳужум сабаби ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ. Маҳаллий телеграм-каналлар ҳужумчи қиз узоқ вақт синфдошлари томонидан масхаралаб келингани ҳақида ёзишмоқда. Тенгдошлари билан келишмовчилик ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам асосий тахмин ўлароқ кўриляпти.
Ҳодиса ортидан мактабдаги ўқувчилар ва ўқитувчилар эвакуация қилинган, улар билан психологлар иш олиб бормоқда. Мактаб биноси ўраб олинган, воқеа жойида тезкор хизмат ходимлари ишлаяпти. Қотиллик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Полициячилар ҳужумчи қизнинг отасини қўлга олишган, ҳозирда у терговчилар томонидан сўроқ қилинмоқда.