Россияда Европанинг ўнлаб етакчи оммавий ахборот воситалари сайтлари ва бошқа медиаресурсларига киришга тўсиқ қўйилади. Бу ҳақда 25 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатди. ТИВ баёнотида бу ЕИда Россиянинг учта ОАВ блокировка қилинганига жавоб чораси экани айтилган.
Россия ТИВ томонидан эълон қилинган рўйхатга Европа Иттифоқининг 25 мамлакатига қарашли (Хорватия ва Люксембургдан ташқари) 81 та нашр киритилган. Улар орасида теле- ва радиокомпаниялар, газеталар, журналлар, онлайн-ОАВ бор. Рўйхатда Германиянинг Spiegel ва FAZ, Франциянинг Le Monde ва Liberation, Испаниянинг El País, Италиянинг La Stampa ва La Repubblica, France Presse агентлиги, қатор мамлакатларнинг жамоатчилик телерадиокомпанияларига дуч келиш мумкин.
Москва Европа медиасини “махсус ҳарбий амалиётнинг бориши ҳақида мунтазам равишда нотўғри ахборот тарқатиш”да айбламоқда (“махсус ҳарбий амалиёт” деганда Россия расмийлари ўз армиясининг Украинага бостириб киришини назарда тутади – таҳр.). ТИВ баёнотида “Россия ОАВга нисбатан чекловлар олиб ташланган тақдирда, Россия томони ҳам ўз қарорини қайта кўриб чиқади”, дейилган.
24 июнь ЕИнинг расмий хабарномасида Европа Иттифоқи кенгашининг Украинага бостириб кирган Россияга нисбатан санкцияларнинг 14-пакети киритилганига оид қарори эълон қилинган. Шу билан янги санкциялар кучга кирган. Бу гал, жумладан Россиянинг РИА “Новости”, “Российская газета” ва “Известия” нашрлари ҳам санкция остига тушган. ЕИда бу ОАВ сайтларига киришга чеклов қўйилади.
Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён Россияда миллиондан ортиқ сайтлар блокировка қилинган. Улар орасида Facebook, Instagram ва Twitter (ҳозирда - X) ижтимоий тармоқлари ҳамда “Озодлик” радиоси дохил Россия расмийларидан мустақил бўлган ОАВ сайтлари бор. Блокировкани айланиб ўтиш учун россияликлар VPN-хизматлардан фойдаланиб келишади, Россия расмийлари эса бу хизматлар сайтларига ҳам мунтазам равишда тўсиқ қўйиб келадилар.