Россия президенти Владимир Путин Давлат Думасига сайловни тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, сайлов 2021 йилнинг 19 сентябрида ўтказилади.
Сайловларни белгилашга оид қарор у қабул қилинганидан сўнг беш кун ичида ҳуқуқий маълумотлар порталида ёки “Российская газета” нашрида эълон қилиниши керак.
Энди Россия Марказий сайлов комиссияси овоз бериш тартибини қабул қилиши, сиёсий партиялар эса қурултойлар ўтказиб, ўз номзодлари ва дастурларини тасдиқлаши лозим. Россияда сайловларда иштирок этиш ҳуқуқига эга 30 дан зиёд сиёсий партия мавжуд. Улардан 14 таси парламент имтиёзига эга, яъни парламент сайловида сайловчилар имзосини йиғмасдан иштирок эта олади.
Давлат Думасига сайлов билан бир вақтда Россия Федерациясининг тўққиз субъекти раҳбарлари лавозимларига ва 39 та минтақавий парламентга тўғридан-тўғри сайловлар бўлиб ўтади.
Май ойи охирида Давлат Думаси экстремистик ташкилотлар фаолиятига алоқадор кишиларнинг сайловларда қатнашишини тақиқловчи қонунни қабул қилган эди. 9 июнь куни эса Москва шаҳри суди Алексей Навальний асос солган Коррупцияга қарши кураш фонди, Навальний штаблари ҳамда Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фондини экстремистик ташкилотлар деб топиб, Россияда уларнинг фаолиятини тақиқлади.
Эндиликда Навальний тарафдорлари ва ҳатто ФБК ёки штабларда ишламаган кишилар ҳам, уларнинг хатти-ҳаракатлари “экстремистик ташкилотни дастаклаш” деб баҳоланган тақдирда, ҳар қандай даражадаги сайловларда ўз номзодларини қўя олишмайди.
Ушбу қонунлар қабул қилиниши ортидан Навальнийнинг сафдоши, Давлат Думасига сайловларда қатнашишга ҳозирланаётган Любовь Соболь ўз сайловолди кампаниясини тўхтатди. У мазкур қарорини айни вазиятда ўз волонтёрлари, ходимлари ва пул эҳсон қилувчилар хавфсизлигини таъминлай олмаслиги, давлат уларни таъқиб остига олиши мумкинлиги билан изоҳлаган.