Россиянинг Москва вилоятидан бўлган 22 ёшли Кирилл Бутилин суд ҳукми билан 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. У Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кўп ўтмай – 2022 йил февралининг охирида Москва вилояти Луховици шаҳридаги ҳарбий комиссариати биносига бир нечта “Молотов коктейлини улоқтирган эди.
Ҳарбий суд Бутилинни террор хуружини амалга оширганлик, террорчиликка очиқдан-очиқ чақирганлик ва сиёсий хусумат турткиси билан содир этилган вандализмга оид моддалар бўйича айбдор деб топган.
Ўтган йилнинг март ойида Интернет тармоғида военкоматга ўт қўйиш манзараси ҳамда Бутилиннинг баёноти акс этган видео пайдо бўлган эди. У Украинадаги урушга қарши эканини билдирган. Бутилинга кўра, бинога ўт қўйишдан мақсад фронтга йўлланиши мумкин бўлган кишиларнинг шахсий делолари бўлган ҳарбий комиссариат архивини йўқ қилиш бўлган.
Бутилин 2022 йилнинг 8 мартида Беларусь билан Литва ўртасидаги чегарада қўлга олинган. Прокурорлар фикрича, у Украина ҳудудига ўтиб, Украина Қуролли кучлари сафида жанг қилишни истаган. Бутилин Россияга экстрадиция қилинган, бироқ тез орада полиция бўлимидан қочишга муваффақ бўлган. Кейин у яна қўлга олинган ва унга нисбатан вандализмга оид модда бўйича жиноят иши қўзғатилган. Кейинроқ айбловга террорчилик ва террорчиликка чақириш тўғрисидаги моддалар қўшилган.
“ОВД-Инфо” лойиҳаси қайдича, судда адвокат Бутилин ўз ҳаракатларида террор хуружини амалга оширишни мақсад қилмаганини билдирган. Ҳимоя томони бино ичига ўт тушмагани, ёнғин фақат ташқарида кузатилганига урғу берган. Ёнғиндан кўрилган моддий зарар 12 минг рублга баҳоланган. Бутилин томонидан военкоматни ёқиб юборишга уриниш Россия армиясининг Украинага бостириб киришидан кейин амалга оширилган шу каби кўплаб ҳаракатларнинг биринчиси бўлган. Унга нисбатан тайинланган 13 йиллик қамоқ жазоси айни пайтгача шу сингари ишлар бўйича берилган энг қаттиқ жазодир.
Украина уруши бошидан бери бутун Россия бўйлаб ҳарбий комиссариат, полиция бўлимлари, шаҳар маъмурияти бинолари ва ҳукмрон “Единая Россия” партияси қабулхоналарига ўт қўйила бошланган. Ҳарбий сафарбарлик эълон қилинган сентябрь ойидан бошлаб бу каби ҳужумлар сони кескин кўпайган. Ҳозирги пайтгача биноларга ўт қўйиш бўйича юзга яқин ҳолат маълум.
Биноларга ўт қўйилиши оқибатида ҳеч ким ўлган ёки жабрланган эмас. Бунга оид ишларнинг кўпи бировнинг мулкига зарар бериш ёки безориликка оид моддалар бўйича кўриб чиқилган. Военкоматга ўт қўйиш террор хуружи ўлароқ малакаланган илк ҳукм 2023 йилнинг январь ойи охирида чиқарилган эди.